Дунёга қалб кўзлари ила боқайлик
Юртимизда муборак Рамазон шукуҳи кезиб юрибди. Фазилатли кунларга юртдошларимиз хуш кайфиятда, тинч-омонликда пешвоз чиқдилар. Айниқса, давлатимиз Раҳбарининг ҳар йилгидек “Юртимизда Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарорларини мусулмонларимиз мамнуният билан қарши олдилар.
Ана шундай муборак кунларда ҳам доимгидек, озми кўпми кундалик ташвишлар билан баъзида нолиб, баъзан кичик муаммолардан зерикиб юрган кезларимиз... интернет тармоғидан дунёдаги янгилик ва ҳодисотларни ўқиб ўтириб аччиқ бир ҳақиқатни англаб етдим. Ҳамда бу ҳақида юртдошларимиз ҳам огоҳ бўлишларини хоҳладим...
“Теракт натижасида 6 киши ҳалок бўлди...”
“Япония жанубида кучли кўчки ва тошқинлар рўй берди...”
“БМТ: жаҳонда қочқинлар сони 65 миллион кишига етди...”
“Индонезиядаги сув тошқинлари ва кўчкилар 43 кишининг ҳаётига зомин бўлди...”
“Хитойда сув тошқини туфайли 400 минг киши эвакуация қилинди...”
“Кобулда автобус портлаши оқибатида 14 киши қурбон бўлди...”
“Карелияда болаларнинг ҳалок бўлиши туфайли мотам эълон қилинди...”
“Калифорнияда самолёт темир йўл бекатига қулаб тушди...”
“Қозоғистон жанубида отишма содир бўлди...”...
(Интернет ахборот сайтларидан 19-20 июнь кунлари янгиликларидан олинди)
Ҳа, бугун дунё тинч эмас. Ҳамма ҳам бизлардек хотиржам эмас. Барча ҳам Рамазонга мамнуният билан пешвоз чиқаётгани йўқ. Баъзи юртларда талофату табиий офатлар авжига чиққан, яна айрим давлатлар ўз фуқароларининг хиёнатидан аламзада. Яна шундай ўлкалар борки унинг истиқомат қилувчилари ҳар ерда сарсон-саргардон. Бурда нонга зор норасидаларини бағрига босиб иссиқ уйидан кетишга мажбур бечораҳоллар кам эмас таассуфки...
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимки бир кун ўз оиласи ичида тинч, тани соғ бўлиб турса ва олдида шу кунига етарлик таоми бўлса, у одамга гўё бутун дунё берилган ҳисобланади”, деган эканлар. Азиз ва саодатли юртдошим! Бир марта бўлса ҳам юртингиз, оилангиз, ҳеч бўлмаганда ўзингиз учун фикр юритинг. Бугун дунёда нималар содир бўлмоқда, қалб кўзларингизни очинг. Барчасидан хабардор бўлинг.
Биз иссиқдан нолиб ҳовлимизга қайта ва қайта сув сепаётганимизда дунёнинг қайсидир бурчагида қултум сувга зор, юқори ҳароратдан асранишга жой тополмаётган минглаб инсонлар борлигини ўйламаймиз. Ухлаётган боламиз олдида пичир-пичир гапирамизу қайлардадир кунлаб ойлаб ўқ ва портлашлар овозидан ҳаловат йўқ, тинчлик йўқ кўз юммаган гўдаклар борлигини эсламаймиз. Яқинларимизга озгина меҳр бериб, кўпроғини кутамиз, кўнгилларига кўп бор озор берамиз, заминнинг қай бурчагида оила аъзоларини бир-бир йўқотаётган кишилар ҳолатини ҳис қилмаймиз. Фарзандларимиз шўхлигидан чарчаймиз, саволлари ортиқчадек туюлади... бироқ қаерлардадир юзлаб чақиримни дилбандини бағрига босиб юриб кетаётган оталарнинг қайғусини тасаввуримизга сиғдиролмаймиз...
Ҳадиси шарифда: «Икки неъмат борки, ундан кўп кишилар маҳрумдирлар, бу неъматлар - саломатлик ва хотиржамликдир», дейилади. Минг бор шукрки, бугун биз бахтли кунларда яшаяпмиз, эртага келажак авлодимизга ҳам ана шундай саодатли ҳаётни қолдиришимиз керак. Бунинг учун тинчлигимизни, халовату осойишимизни кўз қорачиғимиздек асрамоғимиз муҳим. Бинобарин, Аллоҳнинг каломида «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман» (Иброҳим, 7) дея марҳамат қилинади.
Ҳадисларда ҳам: “Неъматга шукр қилиш унинг заволидан омон сақлайди”, дейилади. Аллоҳим, Ўзингга минг бор ташаккур деймиз. Тонгда хотиржам уйғонишимиз, яқинларимиз соғ-саломатлиги, ёнимиздалиги, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги... барча-барчаси учун Ўзингга беҳисоб шукрлар бўлсин.
Ш.Ғаниева,
“Зиё” студияси бош муҳаррири