Жаҳон | 12:46 / 30.06.2016
23504
3 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов: Собиқ тузум даврида Ўзбекистон ярим мустамлака республикa эди

Собиқ Иттифоқ вақтида Ўзбекистон ярим мустамлака, мустақил бошқарув, режалаштириш идораси йўқ бўлган республика эди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Олий Мажлис депутатлари қаршисида қилган нутқида айтиб ўтган.

Ислом Каримов Хитой Халқ республикаси раиси Си Жинпинг билан биргаликда унинг 21-22 июнь кунлари Ўзбекистонга ташрифи давомида парламентда чиқиш қилди. Икки президентнинг ҳам нутқи Ўзбекистон президенти матбуот хизмати томонидан эълон қилинган.

«Бу ҳақда гапирганда, бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Мамлакатимиз мустақил тараққиёт йўлига қадам қўйган дастлабки йилларда бизга ҳеч ким четдан келиб ёрдам бергани йўқ. Агар 25 йил олдинги тарихга назар ташлайдиган бўлсак, юртимиз қандай оғир аҳволга тушиб қолгани яққол аён бўлади. Бизга эски мустабид тузумдан бирёқлама ривожланган, пахта монополияси авж олган, асосан хомашё етказиб беришга мослашган заиф ва ночор иқтисодиёт мерос бўлиб қолган эди. Пахтани ўзимиз етиштирар эдиг-у, лекин унинг нархи амалда қанча эканини билмас эдик. Уни фақат хомашё сифатида билардик, холос. Қайта ишланган пахта собиқ Марказга кетар, уни четга сотиш билан ҳам фақат Марказ шуғулланар эди.

Тасаввур қиласизми, мен ўша пайтда республика молия вазири бўла туриб олтин қазиб олиш бўйича СССРда иккинчи ўринда турадиган Ўзбекистонда олтиннинг баҳоси қанча эканини аниқ билмас эдим. Юртимиз заминидан катта ҳажмда қазиб олинган турли нодир металлар, уран ва бошқа стратегик товарлар ҳақида ҳам бизда ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Мухтасар айтганда, собиқ тузум даврида Ўзбекистон ярим мустамлака даражасидаги республика эди. Энг ёмони, ўша пайтда юртимизнинг ўзида биронта ҳам мустақил бошқарув, режалаштириш идораси йўқ эди. Биз ҳатто солиқни қандай йиғиш, давлат хазинасини қандай тўлдириш, одамларни қандай боқиш кераклигини ҳам билмас эдик. Мустақиллик арафасида 20 миллиондан ортиқ аҳолимизни боқиш учун юртимизда бор-йўғи 15 кунга етадиган ун ва буғдой захираси қолган эди, холос. Буларнинг барчаси Ўзбекистон қандай оғир аҳволда, деярли жар ёқасига келиб қолганини кўрсатади.

Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Ана шундай ўта қалтис бир вазиятда бизга ким ёрдам берди? Ўзбек халқи дўст кулфатда билинишини ҳеч қачон унутмайди. Хитой халқида ҳам, ўзбек халқида ҳам дўст кулфатда, яъни оғир вақтда ёрдам қўлини чўзиши ҳақида мақоллар бор. Тилда бир гапни айтиб, дилида бошқа нарсани ўйлайдиган, амалда эса мутлақо бошқа ишни қиладиганларни албатта дўст деб бўлмайди», деган президент.