Спорт | 09:06 / 30.06.2016
4438
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Моуриньо қўли остида ишлашни истамаган Гиггз "МЮ"ни тарк этди

"Манчестер Юнайтед" жамоасида собиқ бош мураббий Луи ван Гаалга ёрдамчи бўлган Райан Гиггз жамоанинг янги бош мураббийи Жозе Моуриньонинг мураббийлар штаби таркибига киришни истамади ва клубни тарк этди. Бу ҳақда Daily Мail хабар тарқатди.

Қайд этилишича, у ўз ваколатлари камайтирилган лавозимда ишлашни ҳамда Моуриньога бўйсунишни истамаган. Гиггзнинг вакиллари раҳбарият билан унинг шартномани муддатидан 1 йил олдин якунлаши ва товон пули бўйича музокараларни бошлашгани айтилган.

Май ойида 2 мавсумдан буён жамоани бошқарган Луи ван Гаал билан шартнома қониқарсиз натижалар туфайли бекор қилинди ва Жозе Моуриньо билан 3 йиллик шартнома тузилди.

"Манчестер Юнайтед" ўтган мавсумни АПЛнинг 5-ўрнида якунлади ва Англия Кубогини қўлга киритди.

Уэльслик Гиггз футболчилик фаолиятини "МЮ"га бағишлаган. У жамоа сафида 672та ўйин ўтказиб, бу ўйинларда жами 114та гол урган. Гиггз "МЮ" билан Англия чемпионатида 13 марта ғолиб бўлган, 4 марта Англия Кубоги соҳиби бўлган, 9 марта мамлакат Суперкубогида ғалаба қозонган. Шунингдек, 2 марта ЕЧЛда зафар қучган. 2014 йилда Дэвид Мойес ишдан четлатилганида Гиггз унинг ўрнига жамоани вақтинчаликка бошқарганди.

Манба: Tribuna.uz