Иқтисодиёт | 11:59 / 30.06.2016
4135
3 дақиқада ўқилади

Обама ЕИ Brexit ортидан келиши мумкин бўлган иқтисодий инқирозга қарши режа ишлаб чиқишига ишонч билдирди

АҚШ Буюк Британия Европа Иттифоқини тарк этганидан кейин ҳам дунёда молиявий тизимлардаги барқарорлик таъминланиши устида ишлайди. Бу ҳақда АҚШ президенти Барак Обаманинг Шимолий Америка давлатлари саммитидаги чиқишида айтиб ўтилган.

"Бирлашган Қиролликдаги референдум якунлари ўрганиб чиқилади. Америкалик, канадалик ва мексикалик иқтисодий таҳлилчилар биргаликда иш олиб боришмоқда ва бизнинг иқтисодиётимизда олға силжишлар бўлиши, шунингдек дунё иқтисодиётида барқарорлик сақлаб қолиниши йўлида ҳаракат қилишмоқда", деган Обама.

АҚШ президенти ЕИ ҳам Brexit ортидан келиши мумкин бўлган иқтисодий инқирозга қарши режа ишлаб чиқишига ишонч билдирган.

"Ҳозирда билдирилаётган тахминларга қарамасдан мен ишонч билан айтаманки, бу жараён (Brexit) тартибли равишда кечади. Мен тахмин қиламанки, бизнинг бўғознинг (Ла-Манш) икки ёқасидаги дўстларимиз олға ривожланишни кўзда тутувчи мақбул режани ишлаб чиқишади", дея қайд этган америкаликлар етакчиси.

Обама Буюк Британиянинг ЕИни тарк этиши оғир оқибатларга олиб келиши ҳақида тушкун фикрлар билдиришга шошилмасликка чақирган.

"Шуни эътибордан четда қолдирмаслик керакки, Буюк Британияда мамлакатнинг ЕИдан чиқиши учун овоз берганлардан ташқари яна шунча ЕИда қолиш тарафдори бор. Улар мамлакат очиқ бозорга киришини исташади. Биз Европа Иттифоқида ва Буюк Британияда нималар рўй бераётганини диққат билан кузатиб борамиз", деган Оқ уй раҳбари.

29 июнь куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри Буюк Британияни ЕИда қолдириш усулини билишини айтди. Лекин у ўз ғоясини батафсил ошкор қилишдан бош тортди.

Обама Лондон билан қалин алоқалар давом этиши ҳақида маълум қилди. Бундан ташқари, у Бирлашган Қироллик бош вазири Дэвид Кэмерон билан референдум якунларини муҳокама қилди ва уни "энг яхши дўстларидан бири ҳамда жаҳон майдонидаги ҳамкори" сифатида атади.

23 июнь куни Буюк Британияда ЕИдан чиқиш масаласида бўлиб ўтган референдум якунларига кўра, Brexit тарафдорлари ғалаба қозонди.

АҚШ Буюк Британиянинг ЕИда қолиши тарафдори эди. Апрель ойида Обама бу мамлакатга ташрифи вақтида Brexit юз берган тақдирда Лондон АҚШ билан савдо битимлари тузмоқчи бўлганлар навбати охирида туриши ҳақида айтиб ўтганди