Хизмат вазифасини суиистеъмол қилган мактабгача таълим муассасаси раҳбари жиноий жавобгарликка тортилди
Малика Атажанова (исм-фамилияси ўзгартирилган) узоқ йиллар Янгиариқ туманидаги мактабгача таълим муассасаларининг бирида раҳбар эди.
Унинг фаолияти ўрганилганда, мудира мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб келганлиги маълум бўлди. М.Атажанова аслида муассасада ишламаган 10 нафар ишчи-хизматчи учун сохта ҳисобот ва табеллар тузиб, уларнинг номига 53 млн.981 минг сўм ойлик иш ҳақи ёзади ва бу пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.
Қўрқмай-нетмай давлатнинг шунча мулкини ўзлаштириб юборган мудирага бу камлик қилди, шекилли, энди у ўзи билан бирга ишлаб келган ходимларнинг ҳам иш ҳақларига кўз олайтира бошлайди.
Хусусан, муассасанинг хўжалик ишлари бўйича мудираси Ш.Дўсчанова билан ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда, 10 нафар ишчи-ходимнинг жами 26 млн.587 сўмлик иш ҳақларини тўлов ведомостларига имзо қўйдириб, амалда ўзлари олиб келишади.
Тўлов ведомостларига имзо чекиб, амалда ҳаммасини ололмаган ходимлар ичидан норизо бўлгани аниқ.
Жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман суди томонидан М.Атажановага нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.