Таътил -2016: Андижонда мактаб ўқувчилари ўртасида “Футбол ғунчаси” мусобақаси якунланди
Андижонда болажонларнинг ёзги таътил мавсумини мазмунли ва мароқли ўтказишлари учун турли спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. Ҳамкор ташкилотлар вилоят футбол федерацияси, “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамғармаси ҳамда “Камолот” ЁИҲ биргаликда 2004-2005 йилда таваллуд топган болалар ўртасида “Футбол ғунчаси” турнирини ташкил этдилар.
Бўстон даҳасида жойлашган болалар ва ўсмирлар футбол мактаби мезбонлик қилган мусобақада вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда фаолият юритувчи БЎСМларда таълим олаётган футболчиларидан тузилган жами 14 та жамоа иштирок этди. Кескин курашларга бой ўтган баҳсларда ўз тенгдошларидан устун келган вилоят БЎФМ ҳамда Улуғнор тумани жамоалари финал йўлланмасини қўлга киритдилар.
Турнир ғолибини аниқлаб берувчи учрашувда вилоят БЎФМ тарбияланувчилар улуғнорлик тендошларини 2:0 ҳисобида енгиб бош соврин эгаси бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда Улуғнор ва Жалақудуқлик ёш футболчилар эгаллашди.
Мусобақанинг тантанали якунида ғолиб ва совриндор жамоаларга ташкилотчилар томонидан спорт анжомлари ва дипломлар топширилди.
- Ёзги таътил мавсумида ёш авлод вакиллари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, улар ўртасида миллионлар ўйини бўлган футболни оммавийлигини ошириш мақсадида бир қатор мусобақалар ўтказишни режалаштирганмиз, -дейди вилоят футбол федерацияси биринчи вице-президенти Алишер Узоқов. - Бугун якунига етган баҳслар давомида вилоятимизнинг барча туманларида кўплаб иқтидорли етишиб чиқаётганига гувоҳ бўлдик. Улар орасидан саралаб олинган футболчилар билан вилоят терма жамоаси шакллантирилади.
Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон.