«Боруссия Д» Мхитаряннинг «МЮ»га ўтишини эълон қилди
Дортмунднинг «Боруссия» клуби ярим ҳимоячиси Генрих Мхитарян фаолиятини «Манчестер Юнайтед»да давом эттиради. Бу ҳақда «Боруссия Д» расмий сайти маълум қилди.
Манбада айтилишича, клуб Мхитаряннинг хоҳишини инобатга олган ҳолда уни «МЮ»га қўйиб юборишга рози бўлган.
27 ёшли футболчи бундеслиганинг ўтган мавсумида 52та ўйин ўтказиб, 23та гол урган ҳамда 16та голли узатма муаллифи бўлган.
«Қизғин муҳокамалардан кейин Мхитаряннинг «МЮ»га ўтиш иштиёқига рози бўлдик. «Юнайтед» жуда яхши таклиф билдирди. Агар ушбу таклифга рад жавобини берсак, келаси йили Мхитарян сафимизни текинга тарк этарди», – дейди «Боруссия» президенти Ханс-Йоахим Ватцке.
Аввалроқ манкунианликлар Арманистон терма жамоаси футболчисини 38 миллион еврога сотиб олаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Мхитарян Жозе Моуриньо келганидан кейин «Манчестер Юнайтед» сотиб олган учинчи футболчи бўлди. Бундан олдинроқ ҳимоячи Эрик Бэйли ва ПСЖни эркин агент сифатида тарк этган ҳужумчи Златан Ибраҳимовични ўз сафига қўшиб олганди.
Генрих Мхитарян ўз футболчилик фаолиятини Арманистоннинг «Пюник» клубида бошлаган. Кейинроқ у Украинанинг «Металлург» ва «Шахтёр» жамоаларида фаолиятини давом эттирди. 2012 йили эса у «Боруссия»га келган. Арманистон терма жамоаси учун Мхитарян 59 учрашув ўтказган. Германиядаги Kicker нашри Мхитарянни ўтган мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топди. У «Боруссия» таркибида Германия Суперкубогини қўлга киритган.
Манба: Tribuna.Uz