Жаҳон | 04:23 / 03.07.2016
6571
1 дақиқада ўқилади

Бағдод шаҳридаги портлаш 18 кишини ҳаётдан олиб кетди

Ироқ пойтахти Бағдод шаҳридаги Ал-Каррада туманида юз берган портлаш натижасида қурбон бўлганлар сони 18 нафарга етди. Ассошиэйтед Пресс нашрининг тиббиёт вакиллари ва полициячиларга асосланиб хабар қилишича, камида 45 киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган.

Дастлабки хабарларда портлаш оқибатида 5 киши ҳалок бўлгани ва 14 киши жароҳатлангани айтилганди.

Sputnik агентлиги хабарига кўра, портлаш шиа мазҳабига эътиқод қилувчи мусулмонлар йиғилиши ўтказилаётган марказ яқинида содир этилган.

Келиб тушган хабарга кўра, бино олдида портловчи қурилма ўрнатилган автомобиль портлатилган.

Ҳозирча ҳеч қайси ташкилот бу теракт учун жавобгарликни зиммасига олмади.