Жаҳон | 17:03 / 03.07.2016
10395
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған суриялик қочқинларга Туркия фуқаролигини таклиф этди

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған суриялик қочқинларга фуқаролик тақдим этишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар тарқатган.

«Орангизда Туркия фуқаросига айланишга қарши эмаслар бор деб ўйлайман. Туркия ИИВ бу йўналишда навбатдаги қадамни ташлайди. Биз суриялик биродарларимизга фуқаролик беришга тайёрмиз», — деган у.

Эрдўғаннинг аниқлик киритишича, Туркия Сурия масаласида 6 йил олдинги позициясида қолишини маълум қилган. У Суриядаги сиёсий беқарорликда мамлакат президенти Башар Асадни айблашда давом этган.

«Сурия тепасида турган ҳукмдор мамлакатни жар ёқасига олиб келди. 600 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган инсон мамлакатни бошқаришда давом этмаслиги керак», — деган у.

Туркияда айни пайтда 2,7 миллион қочқин истиқомат қилаётгани қайд этилган. Шунингдек, юз минглаб ноқонуний яшаётган ва ишлаётган муҳожирлар ҳам бор. Мухолифатга кўра, Эрдўғаннинг қарори ҳукмрон партияга 3 миллионгача янги овозларни олиб келиши ва 2019 йилги сайловлар натижасини ўзгартириб юбориши мумкин.

Бундан олдинроқ, Туркия Россия билан муносабатлари яхшиланиши ортидан Сурия бўйича позициясини ўзгартириши мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди.