Спорт | 14:55 / 04.07.2016
8770
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Месси Аргентина термасидан кетиш қарорини ўзгартирди

Аргентиналик футболчи Лионель Месси миллий жамоа учун тўп тепишни давом эттиради. Бу ҳақда La Nacion газетаси футболчининг термадаги собиқ сафдошига таянган ҳолда хабар ёзган.

"У қайтади. Месси Россияда бўладиган ЖЧ-2018да ғалаба қозонмоқчи", - дейди номаълум бўлиб қолишни сўраган манба.

Нашрнинг ёзишича, Месси спортдан кетгани йўқ, у шунчаки дам олмоқда. Шу боис, ноябрь ойидаёқ миллий терма жамоага қайтади. Футболчи Жаҳон чемпионати-2018 саралаш босқичининг сентябрь ойидаги Уругвай ва Венесуэлага қарши ўйинларини ўтказиб юборади, бироқ Жаҳон чемпионатининг ўзида иштирок этади. 

Месси терма жамоасининг Америка Кубоги финалида мағлубиятга учраганидан сўнг, термадаги фаолиятини якунлашга қарор қилган эди. У шундай қилса, барча учун яхши бўлишини айтганди. 

29 ёшли футболчи 2005 йилдан бери 112 маротаба миллий жамоа сафида майдонга тушиб, 55та гол уришга муваффақ бўлган. Бу Аргентина термаси учун урилган голлар бўйича рекорд натижа ҳисобланади. 

Месси замонавий футболнинг энг яхши ўйинчиларидан бири ҳисобланади. У беш бор "Олтин тўп" соҳиби бўлган.

Манба: Tribuna.uz