Жаҳон | 17:40 / 05.07.2016
8429
2 дақиқада ўқилади

Германия ТИВ раҳбари Саудия Арабистонидаги терактларга ўз муносабатини билдирди

ГФР ТИВ раҳбари Франк-Вальтер Штайнмайер Саудия Арабистонида содир бўлган бир қатор терактларни инсоф доирасидан ташқарига чиқиш дея атади. Бу ҳақида РИА "Новости" хабар қилди.

Саудия Арабистони ғарбидаги Мадина шаҳрида жойлашган пайғамбар масжиди яқинида худкуш томонидан  содир этилган портлаш натижасида 4 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлган, яна 5 нафар полициячи жароҳат олган. Манбага кўра, худкуш-террорчи кечки намоз пайтида масжид ҳудудига ўтмоқчи бўлган. 

Шунингдек, 4 июль куни қиролликнинг шарқида жойлашган Ал-Қатиф шаҳрида ҳам худкуш-террорчи томонидан портлаш содир этилган. Дастлабки маълумотларга кўра, теракт натижасида ҳеч ким жабр кўрмаган. Душанбага ўтар кечаси яна бир террорчи АҚШнинг Жиддадаги консуллиги яқинида ўзини портлатиб юборган. 

"Рамазон ойида Ал-Қатиф, Жидда ва Мадинадаги Муҳаммад пайғамбар қабри яқинидаги масжид ёнида содир этилган терактлар мисли кўрилмаган разолатдир. Бу портлашлар террорчилар одамлар дилига қўрқув ҳиссини солиш учун ҳеч нимадан тойимасликларини яна бир бор намойиш этди", - деди вазир. 

У "Рамазон ойи якунини нишонлаётган бутун дунё мусулмонларига бундай оғир дамларда ҳамдардлик билдиришини" қўшимча қилди. 

"Ҳеч бир дин бундай қабиҳ қилмишларни оқлаши мумкин эмас. Агар барчамиз бир бўлиб ҳаракат қилсак, террорни илдизидан ажратиб, енга оламиз", - дея таъкидлади Штайнмайер.