Элликқалъалик фермер туяқушларни кўпайтиришни йўлга қўйди
Юртимизда фермер ва дехқон хўжаликлари томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш, маҳсулот ҳажмини кўпайтириш, сифатини яхшилаш ҳамда бозорларда рақобатни кучайтириш билан боғлиқ бир қанча ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Нуруммат Қурбанов” номли паррандачилик фермер хўжалиги томонидан ҳар ойда 30 минг бошдан ортиқ бройлер товуқ жўжалари боқилиши ва 40-45 тонна пархез товуқ гўшти етиштириш йўлга қўйилган, яъни, бир йилда 480 тонна гўшт маҳсулоти етиштирилмоқда. Фермер хўжалигида ўтган вақт давомида 30 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Ушбу фермер хўжалиги томонидан ҳар йили 300-350 минг бош товуқ жўжалари етиштирилиб, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига, аҳолига ва қўшни туманлар аҳолисига арзон нархларда етказиб берилади. Бундан ташқари тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга хомийлик сифатида гўшт махсулотлари билан таъминлашда катта ҳисса қўшиб келмоқда.
“Нуруммат Қурбанов” паррандачилик фермер хўжалиги фаолиятини кенгайтириш мақсадида ўтган йили мазкур фермер хўжалик қошида бройлер товуқ жўжаларини етиштиришга мўлжалланган “Bo`ston chikken” бройлер цехи фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур цехда ҳам 15 минг бошдан ортиқ паррандалар боқилиб, сифатли пархез гўшт маҳхсулотлари етиштириб берилмоқда.
Яқинда Мамматшариф Қурбонов раҳбарлик қилаётган ушбу фермер хўжалик томонидан яна бир лойиҳага қўл урулди. Паррандачилик соҳасини янада ривожлантириш мақсадида “Нурруммат Қурбанов” фермер хўжалиги таъсисчилигида ташкил қилинган “Бўстон Страус” фермер хўжалигида табиий шароитда Африка қитъасига мансуб бўлган 10 бошдан ортиқ туяқушлари олиб келинди. Бу қушларнинг оғирлиги ўртача 80-120 килограмм вазнга эга. Жорий йилда страуслар сонини 100 бошдан ошириш, бедана ва қирғовул каби маҳаллий қушларни кўпайтириш ҳам режалаштирилган. Бугунги кунда туяқушларни бизнинг иқлимга мослаштирган ҳолда, озиқ-овқат махсулоти етиштиришда самарали фойдаланиш иложлари кўрилмоқда.
Кўп тармоқли мазкур фермер хўжалиги томонидан жорий йилда 16 гектар ғалладан 112 тонна ғалла етиштирилди. 50 гектарда пахта экилиб, мавсумий агротехник тадирлар сифатли ташкил қилинган.
Шунингдек, фермер хўжалиги қошида 70 бош қорамол, 120 бош қўй, 150 бошдан ортиқ курка ҳамда суний балиқ кўпайтириш хавзаси мавжуд.
Мустақиллигимизга 25 йил тўлиши арафасида бу каби кўп тармоқли фермер хўжаликлари сонининг туманда 250 дан ортиб бораётганлиги қувонарли ҳол.