Иқтисодиёт | 00:10 / 06.07.2016
9431
2 дақиқада ўқилади

"Газпром" "Туркмангаз"дан 5 млрд доллар ретроактив тўлов талаб қилмоқда

Россиянинг "Газпром" компанияси томонидан 2010 йилдан 2015 йилгача тузилган шартнома бўйича Туркманистоннинг "Туркмангаз" компаниясидан талаб қилинаётган ретроактив тўловлар (тўланган ҳақнинг қайтарилиши) қиймати 5 млрд долларга яқинни ташкил қилади, деб манбага иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда "Интерфакс" ахборот агентлиги.  

Дастлабки маълумотларга кўра, 2008 йилдан "Газпром" Туркманистондан сотиб олинадиган газ учун нархнинг қайта кўриб чиқилишига ҳаракат қилиб келган, кейин эса 2015 йилда Стокгольм арбитраж судига "Туркмангаз" устидан 2010 йилдан 2015 йилгача тузилган шартнома бўйича нархларни ретроактив кўриб чиқиш талаби билан даъво аризаси берган.

Ўз навбатида "Газпром" бошқарув раиси ўринбосари Александр Медведев "Туркмангаз" томонидан бу қийматнинг тўланиши муддатлари ҳақида гапиришга ҳали эрталик қилишини айтди.

Аввалроқ "Газпром" Туркманистон вакиллари билан газ бўйича баҳсни судгача ҳал қилиш мақсадида бир қатор учрашувлар ўтказиши маълум қилинганди.