Жамият | 22:26 / 06.07.2016
8354
2 дақиқада ўқилади

Олимлар 2026 йилга келиб очарчилик даражаси кескин пасайишини башорат қилишмоқда

Яқин ўн йилликда ривожланаётган давлатларда очарчилик даражаси кескин пасаяди, деб айтилмоқда АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўтказган тадқиқотда. Бу ҳақда RNS сайтида маълум қилинди

Вазирликнинг баҳолашича, озиқ-овқат нархларининг пасайиши, аҳоли даромадининг ўсиши паст ва ўрта даромад даражасига эга 76 та давлатда озиқ-овқат хавфсизлиги даражасини оширади. Бугунги кунда ривожланаётган давлатларнинг 17 фоиз аҳолиси озиқ-овқат таъминотига эга эмас. 2026 йилда бу рақам 6 фоизгача камаяди. Шу тариқа очарчиликни бошидан кечираётган одамларнинг сони 2016 йилдаги 609 млн кишидан 2026 йилда 251 млн кишигача камаяди.

Вазирликнинг таъкидлашича, прогнозлар жорий иқтисодий шароитлар, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари, даромад даражаси ва яқин келажакда ўзгариши мумкин бўлган бошқа кўрсаткичларга асосланган. Мутахассислар очарчилик даражасини камайтирувчи муҳим омиллардан бири сифатида ривожланаётган давлатларда озиқ-овқат рационининг асосий қисмини ташкил қилувчи бошоқли ўсимликларга нархларнинг пасайишини келтиришди. 

Вазирлик маълумотларига кўра, маккажўхорига нархнинг пасайиши йилига инфляцияни ҳисобга олган ҳолда 1,6 фоизни ташкил қилади. Гуруч ва буғдой нархларининг пасайиш суръатлари эса йилига мос равишда 1,3 ва 0,3 фоизни ташкил қилади.