Ўзбекистонда куйдирги касаллиги ва бошқа хавфли юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи табиий ўчоқлар устидан доимий лаборатория мониторинги юритилмоқда. Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, илмий-тадқиқот ва тиббиёт муассасалари, санитария-эпидемиология, ветеринария соҳаси мутахассислари, жамоат тузилмалари иштирокида профилактика ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар режаси қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Бу жараёнда жойлардаги санитария назорати, ветеринария пунктлари фаолиятини янада такомиллаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини қатъий назоратга олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, бош давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиев бу хусусда ЎзА мухбирига маълумот берган.

Қайд этиш керакки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти маълумотларига кўра, айрим мамлакатларда бир қатор хавфли юқумли касалликлар, хусусан, куйдирги, Қрим-Конго геморрагик иситмаси бўйича вазият мураккаб бўлиб турибди. 

"Бу йил қиш одатдагидан анча илиқ келди. Бу хавфли юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи ҳашаротларнинг кўпайишига замин яратди. Бундай вазиятда ушбу ҳашаротлар яшайдиган ҳудудларда кузатув, мониторинг назорат ишларини кучайтириш, дезинфекция, дезинсекция, дератизация ишларини тизимли асосда ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Олимлар ва мутахассислар арбовирусли инфекцияларнинг этиологияси, эпидемиологияси, эпизоотологиясини ўрганиш юзасидан илмий изланиш олиб бормоқда. 

Айтиш жоизки, куйдирги ва Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги қўзғатувчиларининг асосий манбалари чорва моллари ҳисобланади. Шу боис профилактика чора-тадбирларини аввало чорва моллари ўртасида ўтказиш, ветеринария пунктлари ва лабораторияларининг салоҳиятини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. Ана шу вазифаларни бажариш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир. Чорва молларини ўз вақтида ветеринария кўригидан ўтказиш, юқумли касалликларга қарши эмлаш йўлга қўйилган. Мол сўйиладиган замонавий кушхоналар, майдончалар барпо этилиб, улар зарур воситалар билан жиҳозланган. Сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш, истеъмолчига санитария талабларига мос ҳолда етказиш тизими шаклланган. 

Куйдирги ва бошқа хавфли юқумли касалликларнинг инсонлар орасида учрашининг олдини олиш борасида санитария-эпидемиология соҳаси ва тиббиёт ходимлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилаётир. Чегара ҳудудларида фаолият юритаётган санитария назорати пунктларида четдан кириб келаётган хорижий фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Тиббиёт ходимлари ҳушёрлигини ошириш мақсадида жойларда малака ошириш машғулотлари, семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Бу жараёнда касалликнинг этиологияси, эпидемиологияси, диагностикаси, клиникаси, профилактика ва даволашнинг самарали усуллари юзасидан тажриба алмашилмоқда", деган вазир ўринбосари.