Наманганда террорчилар ҳақидаги фильм съёмкаси вақтида аҳоли ваҳимага тушди
Ўзбекистоннинг Наманган шаҳри аҳолиси террорчилар ҳақидаги фильм суратга олинаётган вақтда фильм воқеаларини ҳақиқий ҳаётда бўлаётгандек қабул қилишган. Бу ҳақда РИА Новости манбаларга асосланиб хабар тарқатган.
"7 июль куни тушдан сўнг Ўзбекистонда йириклиги бўйича иккинчи ўринда турувчи Наманган шаҳри аҳолиси ўртасида ваҳима пайдо бўлди. "Чорсу" бозорида ёнғин чиққани ва автобус портлагани ҳақида миш-мишлар тарқалди", — дея ёзилган нашр хабарида.
Бу вақтда эса вилоят марказида "Муқаддас истак" номли бадиий фильмни суратга олиш ишлари олиб борилаётган бўлган. Унда "Ўзбекистон ислом ҳаракати" ҳақида лавҳалар бўлган.
"Фильмнинг охирги саҳналари съёмкаси кетаётганди. Фақат бир эскириган автобус портлатилди", деган фильм иштирокчиларидан бири.
Картина марказида, Ўзбекистон ҳудудида ўтган асрнинг 80-90-йилларида рўй берган воқеалар ўрин олган.
Фильм "Ўзбеккино" миллий агентлиги буюрмасига асосан "Ўзбекфильм" киностудияси томонидан суратга олинмоқда. Унинг премьераси 1 сентябрь кунига, Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги тантаналари вақти бўлиб ўтади.