ОАВ: Шимолий Корея АҚШни Ким Чен Инга нисбатан санкцияларни бекор қилишга чақирди
Шимолий Корея ҳукумати Пхеньян Вашингтон билан мавжуд барча икки томонлама дипломатик каналларни ёпиш билан таҳдид қилиб, АҚШни 6 июлда мамлакат раҳбари Ким Чен Инга қарши киритилган санкцияларни бекор қилишга чақирди. Бу ҳақда Киодо ахборот агентлиги маълум қилди.
Агентлик маълумотларига кўра, мамлакат ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Вашингтон томонидан қўйилган санкцияларни "уруш эълон қилиш" деб атади ва агар Вашингтон санкциялардан воз кечмаса, Шимолий Корея жавоб чоралар кўришини таъкидлаб ўтди.
АҚШ 6 июлда Шимолий Корея етакчиси зиммасига мамлакатда инсон ҳуқуқларининг бузилиши учун жавобгарликни қўйиб, унга қарши бир томонлама санкциялар киритишга қарор қилди. Ким Чен Ин билан бирга жазоловчи чоралар мамлакат раҳбариятининг қолган вакиллари ва мансабдор шахсларига ҳамда баъзи давлат институтлари ва ташкилотларига нисбатан амал қилади. Умумий ҳисобда қора рўйхат 23 та позициядан иборат.