Ота ўғли билан 40 йил якка ҳолда ўрмонда яшагандан кейин одамлар орасига қайтди
Вьетнамнинг Куангнгай вилоятидаги ўрмонларда Вьетнам уруши (1956-1975) вақтларидаёқ АҚШнинг бомбардимонларидан жунглига қочган ота ва ўғил бу ерларда якка ҳолда 40 йилдан кўпроқ яшади.
"Зан Вьет"порталининг маълум қилишича, ҳозирда ота-ўғил замонавий ҳаётга мослашиш давридан ўтмоқдалар. Улар бундай ҳаётни ёввойи табиат шароитларида буткул унутиб қўйганлар.
Ота-ўғилнинг изига биринчи бўлиб уларни жунглида топа олган қариндоши чиқди ва уларни замонавий ҳаётга қайтишга кўндирди. Қочқинлар анча вақт пастга тушишдан бош тортишди, бироқ 80 ёшдан ошган отага тиббий ёрдам зарур бўлиб қолди. Шундан кейин улар яқин орадаги қишлоқлардан бирига кўчиб ўтишга рози бўлишди.
Вақт ўтиб ота ва ўғил тарихи билан Вьетнамда ишловчи хорижий тадбиркорлар қизиқиб қолишди. Улар орасида сайёрамизнинг энг олис бурчакларига экзотик сафарларни ташкиллаштиришга ихтисослашган, бош қароргоҳи Гонконгда жойлашган Docastaway сайёҳлик компанияси директори Альваро Церезо ҳам бор эди. Айнан у сабабли жамоатчилик ота ва ўғил ҳақида хабар топишди.
"Тарзан"лар билан ўзаро ишончли суҳбат ўрнатилгандан кейин улар ўзлари ва ҳаётлари ҳақида сўзлаб беришди. Ота – Хо Ван Тхань мамлакатнинг хорижий оккупациядан мустақиллиги учун кураш даврида коммунистлар томонида жанг қилган, бироқ 1972 йилда кичик ёшли ўғли Хо Ван Ланг билан АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг даҳшатли бомбардимонига тушиб қолиб, ўрмонга қочган. Уларнинг қишлоғи тўлиқ вайрон бўлган, уларнинг деярли барча яқинлари ҳалок бўлган. Ота ва ўғил мунтазам равишда АҚШ авиацияси учун нишон бўлган аҳоли пунктларидан узоқроқ юришга қарор қилишган.
"Яқинда одамлар пайдо бўлганда ҳам биз улар билан учрашмасликка ҳаракат қилардик ва ўрмонга ичкарироқ кириб кетардик", деб эсламоқда ота. Яқин кунларгача у уруш давом этаётганига ишончи комил бўлган ва шунинг учун дарбадар ҳаёт кечирган.
"Улар жунглиларда яшаш даврида у ердаги ҳаётга ҳайратланарли тарзда яхши мослашиб олишган. Бу йигитлар ўрмонда топиш мумкин бўлган барча нарса: ўт ва гиёҳлар, мевалар, асал ва ҳайвонлар гўштлари билан озиқаланиб юришган. Энг ҳайратланарлиси – улар ёввойи табиатда ўзларининг қоринларини тўйғаза олиш малакалари", деб айтди қочқинлар билан алоқа қўллаб-қувватловчи Церезо журналистларга берган интервьюсида. Унинг айтишича, ота-бола ўрмондаги маймун, каламуш, илон, қурбақа, балиқ ва ҳаттоки кўршапалакларни ҳам эпчиллик билан тутиб, нимталаб, истеъмол қила олишган.
"Айниқса ўғил билан гаплашиш қизиқарли. У ўзини ёш боладек тутади, вақт ҳақида умуман тушунчага эга эмас, унга фақатгина кун ва тунгина мавжуд, у куннинг бошқа белгиларини билмайди", деб айтмоқда тадбиркор. Сайёҳлик фирмаси раҳбари "Кичик Хо" ҳали ҳам электр нималигини, унинг мамлакатида ва дунёда нималар юз бераётганидан бехабар эканлигини айтди.
40 йил ичида дарбадарлар деярли ҳеч қачон соғлиқларидан шикоят қилмаганлар. "Баъзида ошқозонимиз оғрирди", деб тан олмоқда қария. Уларнинг саломатлиги билан муаммолар қишлоққа кўчиб ўтганларидан кейин бошланган – узоқ вақт якка ҳаёт кечирган ота-болада бир қатор касалликларга иммунитет бўлмаган.
Айни вақтда ёши 50 га яқинлашиб қолган ўғил замонавий ҳаётга бироз мосчлаша олди. У кичкинагина ерда деҳқончилик қилиб, уйланишни режалаштирмоқда.