Фан-техника | 21:44 / 09.07.2016
6796
2 дақиқада ўқилади

Робокопни чақиртирдингизми? АҚШда жиноятчининг робот ёрдамида бартараф этилиши борасида баҳс кетмоқда

АҚШнинг Даллас шаҳрида полициячилар бир неча полициячини ўлдирган мерган билан музокаралар ўтказишга ҳаракат қилишди, бироқ улар у билан тил топиша олишмади. Шунда полициячилар жиноятчини йўқ қилиш учун портловчи қурилма билан жиҳозланган роботдан фойдаланишди. Робот АҚШ полицияси тарихида биринчи маротаба бундай тарзда қўлланди. Ушбу ҳолат роботлардан бундай вазиятларда фойдаланишга йўл қўйиш мумкин-мумкинмаслиги ҳақида баҳс келтириб чиқарди.

Шаҳар полиция бошқармаси бошлиғи Дэвид Брауннинг айтишича, мерган билан музокаралар бир неча соат олиб борилган ва бесамар якунланган.

"Биз робот-сапёрдан фойдаланиб, унга портловчи қурилма ўрнатиб, уни мерган яшириниб олган жойда ҳаракатга келтиришдан бўлак вазиятни ҳал қилишнинг бошқа чорасини топа олмадик", деб айтди Браун. Унинг айтишича, вазиятни ҳал қилишнинг бошқа вариантлари полициячилар ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин эди.

Робот мерган яшириниб ўтирган жойга келганда полициячилар портловчи қурилмани портлатишган. Жиноятчи воқеа жойида ҳалок бўлган.

Engadget нашрининг ёзишича, техаслик полициячилар томонидан қўлланган роботнинг турини аниқлаш қийин бўлган. У турли давлатлар ҳуқуқ-тартибот муассасалари ва армиялари томонидан кенг фойдаланувчи TALON кўп мақсадли роботлар оиласига тегишли бўлиши мумкин. Унинг вазифалари модификациясига боғлиқ бўлади: роботнинг разведка ва кузатув олиб борувчи, бомбаларни хавфсизлантирувчи версиялари мавжуд. Шунингдек, роботнинг махсус бўлимлар учун мўлжалланган сочма ўқ отувчи қурол билан қуролланган тури ҳам мавжуд.