Жамият | 18:39 / 09.07.2016
26625
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда машина қулфини бузиб очган ўғрини жабрланувчи суратга тушириб олди 

Бугун, 9 июль куни Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Акмаль Акбаров 8-тор кўчасида яшовчи қизнинг (исми ошкор этилмади) Мalibu русумли машинасига номаълум шахс ўғриликка тушди.

Жабрланувчининг ўзи томонидан юборилган хабарга кўра, у машинасининг эшиклари очиқлиги ва унинг ичидан бегона киши чиқиб келаётганини кўриб қўрқиб кетади ва дарҳол ундан кимлигини сўрайди. 

Устига фаррошларнинг кийимини эслатувчи кўйлак кийган, чамаси 40-45 ёшлардаги киши машинадаги ҳеч нарсага тегинмаганини айтади. Бу орада машина соҳибаси телефон орқали бу шахсни суратга олишга улгурган. Машинада флешка ва бир қанча пулларнинг йўқлигини пайқаган қиз тезда яқинларига қўнғироқ қилишни бошлайди. Ўғри эса вазиятдан фойдаланиб, воқеа жойидан қочиб кетади.

"Аввалига машинам ичидан тушган номаълум эркакни кўриб, ҳайратландим. У ўзининг ўғри эмаслигини қайта-қайта таъкидлади. Эътиборли жиҳати, у фаррошларникига ўхшаш кийимда эди, қўлларида эса турли ускуналар бор. Фурсатдан фойдаланиб, унинг юзини суратга туширишга муваффақ бўлдим. Агар ўз вақтида чиқиб қолмаганимда, балки машинамни ҳам ўғирлаши мумкин эди. 

Ҳозирда ўғрининг бармоқ излари тушириб олинди. Суратдаги кишини таниган, билган инсонлар милицияга хабар беришсин. Унинг суратини ижтимоий тармоқларга жойлашимдан асосий мақсад - инсонларни огоҳликка чорлаш ва ўз буюмларига эҳтиёткор бўлишларини сўрашдир", - дейди жабрланувчи.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.