Аборт қилинган болаларни кўмувчи вьетнамлик 15 йилда 100дан ортиқ болани асраб олди
Вьетнамлик Тонг Фуок Фук – ажойиб инсон. У 15 йил давомида бутун дунёга инсонпарварлик ва фидойилик аслида қандай бўлишини намойиш этиб келмоқда.
Барчаси 2001 йилда бошланган. Кунларнинг бирида Тонг Фуок Фук ҳомиладор рафиқаси билан шифохонага текширувдан ўтиш учун боради ва коридорда ўтириб, бир хонага ҳомиладор аёллар кириб, у ердан кўз ёши билан қайтиб чиқаётганига эътибори тушади. У аслида нима бўлганини тушуниб етгач, эти жимирлаб кетди. Қандай қилиб инсон ўз фарзанди жонини уни ҳатто дафн қилмай туриб, тортиб олиши мумкинлигини тасаввур қила олмас эди.
Касби қурувчи бўлган Тонг Фуок Фук ўз жамғармасига Хон Том тоғи этагидаги ерни сотиб олади ва у ерда ҳаётга келмай туриб, нобуд бўлган бегуноҳ болаларни кўмиш учун қабристон қуради. Бироқ унинг асосий мақсади бошқача эди – бу қабристонга келган аёллар ўз фарзандларидан воз кечиш ҳақида яна бир бор ўйлаб кўришларига умид қилди.
Орадан кўп вақт ўтмай, Тонгнинг олдига моддий қийинчилик сабабли фарзандини боқа олмаган аёллар ташриф буюра бошлади. Бу ғайриоддий бўлсада, бироқ Тонг барча фарзандларни ўз оиласига қабул қилади. Вақт ўтиши билан қабристондан олис бўлмаган ерда юздан ортиқ болалар учун қадрли бўлган уй пайдо бўлди.
Болаларнинг исмларини адаштирмаслик учун Тонг уларга антиқа ва ёқимли исмлар берган: «Там» - вьетнамча «юрак», ёки «Вин» - «шараф». Ҳар бир бола икки шарифга эга – ўз онасики ва халоскори Тонгники.
Фарзандларини ташлаб кетган аёлларнинг молиявий аҳволи яхшилангач, у болаларни ўз онасига қайтариб беради.
«Мен сўнгги нафасимгача бошлаган ишим билан шуғулланаман. Умид қиламанки, ҳаётдан кўз юмсам, фарзандларим ҳам менинг ишимни давом эттиришади», - дейди кўп фарзандли ота Тонг Фуок Фук.
Ахир болалар - чинакам бахт ва улкан қувончдир.