Андреа Ледсом Англия бош вазирлиги учун сайловдан ўз номзодини қайтариб олди
Буюк Британия энергетика вазири ўринбосари Андреа Ледсом Консерватив партия етакчиси ва мамлакат бош вазири лавозими учун сайловда иштирок этмаслигини маълум қилди. Бу эса мамлакат бош вазирлиги учун сайловда ягона номзод сифатида Ички ишлар вазири Тереза Мэй қатнашишини англатади.
«Мамлакатимиз манфаатлари зудлик билан кучли етакчи сайланишини талаб этади. Мен Тереза Мэйга барча яхшиликларни тилайман», — дея Ледсомнинг сўзларини келтиради The Telegraph.
Шу тариқа, Маргарет Тэтчер замонидан буён биринчи марта Буюк Британия бош вазири аёл киши бўлади.
7 июль куни Буюк Британия парламентарийлари орасида Консерватив партия етакчиси ва мамлакат бош вазири лавозимига номзод ҳақидаги масала бўйича овоз беришнинг иккинчи ва сўнгги давраси якунланди. Унда Тереза Мэй, Андреа Ледсом ва адлия вазири Майкл Гоувдан иборат уч номзоддан икки аёл қолганди. Мэй 199та, Ледсом 84та, пойгадан чиқиб кетган Гоув бор-йўғи 46та овоз тўплаганди.
Сўровномалар аҳолининг катта қисми Тереза Мэйни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон, қироллик аҳолиси референдумда мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиши учун овоз берганидан сўнг, истеъфо беришини маълум қилганди.