Болтиқбўйида Россиянинг Ту-214Р айғоқчи самолёти кузатилди
Россиянинг Ту-214Р жосуслик самолёти ўтган ҳафта мобайнида Эстония, Латвия ва Финляндия осмонида икки марта қайд этилган. Бу ҳақда, Эстониянинг Delfi портали Flightradar24 сайти кузатувларига асосланган ҳолда хабар қилмоқда. Нашрнинг қайд этишича, самолёт 5-,7-июль кунлари Flightradar24 томонидан қайд этилган.
Айғоқчи ҳаво кемаси Қозондаги аэродромдан кўтарилиб, шимолий шимоли-ғарб томонга парвоз қилган. Кольск яримороли осмонида қайрилиб, Финляндия чегаралари бўйлаб жануб томон парвозни давом эттирган. Самолёт, Эстония ва Латвия чегаралари бўйлаб ҳам учиб ўтиб, Қозонга қайтган.
Flightradar24 маълумотларига кўра, гап RF-64514 ҳақида бормоқда. Бу ҳаво кемаси Ту-214Р русумидаги иккинчи самолёт бўлиб, синаш учун ҳарбийлар ихтиёрига берилган.
Радиотехник ва оптик-электрон разведка жиҳозларига эга самолёт 2002 йили Ту-214 негизида ишлаб чиқилган.