Спорт | 16:29 / 11.07.2016
4644
2 дақиқада ўқилади

«МЮ» Погбанинг агенти билан шахсий шартнома хусусида келишиб олди

Фото: Tribuna.uz

«Ювентус» жамоасининг франциялик ярим ҳимоячиси Поль Погба «Манчестер Юнайтед»га қайтиши ойдинлашмоқда. Англия клуби футболчининг агенти билан шахсий шартнома бўйича келишувга эришган.

Эслатиб ўтамиз, Погбанинг манфаатларини ҳимоя қилувчи агент Мино Райола Златан Ибраҳимовичнинг Манчестерга келиши жараёнида иштирок этди. 

Manchester Evening News хабарига кўра, Райола шартномага рози бўлган.

Эндиликда франциялик футболчи қарор қабул қилиши керак. Унда бунинг учун 1 ҳафта бор. Райола Полни кўндиришга ваъда қилган.

Бундан олдинроқ, «Манчестер Юнайтед» Погба учун 110 миллион евро тўлашга рози бўлгани ҳақида хабар берилганди. Унга «Реал» жамоаси ҳам даъвогарлик қилаётганди. Лекин кеча мадридликлар жамоаси бу футболчи учун курашдан чиқди.

Маълумот учун, 2011-2012 йилларда Погба «Манчестер Юнайтед» жамоасида ўйнаган, кейин эркин агент сифатида «Ювентус»га ўтиб, бу жамоа билан 4 марта Италия чемпиони (2013-2016) бўлди. У шунингдек, туринликлар сафида 2 марта Италия Кубогини (2015, 2016) ва 2 марта Италия Суперкубогини (2013, 2015) қўлга киритди.

Ўтган мавсумда 23 ёшли ярим ҳимоячи клуби сафида 49 учрашувда майдонга тушиб, 10та гол урган ва 16та голли пас муаллифи бўлган.

Манба: Tribuna.uz