Андижонда стоматологлар анжумани бўлиб ўтди
Андижонда “Стоматологиянинг долзарб муаммолари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон стоматологлар уюшмаси, Тошкент давлат стоматология институти Андижон филиали ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг соғлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг билими ва касб маҳоратини ошириш, касалликларни аниқлаш ва даволашда илм-фан ютуқлари ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
– Стоматология соҳасида замонавий ва илғор технологиялардан фойдаланиш, айниқса, оғиз бўшлиғи ва тиш касалликларининг олдини олиш ва самарали даволаш борасида яхши натижаларга эришилмоқда, – дейди Ўзбекистон стоматологлар уюшмаси раиси Адҳам Ҳасанов. – Мазкур йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтариш, муаммоларни бартараф этиш, илғор иш услублари ва тажрибаларни оммалаштиришга бағишланган ушбу тадбир барча учун ғоят фойдали бўлди.
Тадбирда “Ўзбекистон стоматологиясининг истиқболлари”, “Оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати касалликларини даволаш стандартлари”, “Ўзбекистонда стоматолог мутахассисларнинг малака ошириши учун яратилган имкониятлар”, “Стоматологияда қўлланиладиган замонавий пломба ашёлари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Анжуман доирасида юртимизда фаолият юритаётган тиббий ва фармацевтик компанияларнинг дори-дармонлари, стоматологик касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга доир қўлланмалар кўргазмаси ташкил этилди.