Мансаб вазифасини суиистеъмол қилган уй-жой инспектори ашёвий далил билан қўлга олинди
Бўка туман Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси уй-жой инспектори лавозимида ишлаган Ғулом Кабиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам мансаб ваколатидан фойдаланиб, бойлик орттиришни мақсад қилади. У тумандаги хонадонлардан бирининг кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш учун “хизмат ҳақи” сўрайди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.
Хусусан, фуқаро Маъпура Хасанова марҳум отасининг номида бўлган ҳовлини ўзининг номига расмийлаштириш учун унинг кадастр ҳужжатларини тайёрламоқчи бўлиб, Ғ.Кабировага учрашади. Ўзоро суҳбат жараёнида инспектор бу иш шунчаки битмаслигини айтиб, ундан пул талаб қилади. Иши тезроқ битишига умид қилган М.Хусанова дастлаб Ғ.Кабировга 300 минг сўм пул беради. Бироқ орадан бир неча ой вақт ўтса-да, уйнинг кадастр ҳужжатлари тайёр бўлавермайди.
Ўтган йилнинг октябрь ойларида уй эгаси Ғ.Кабировга қўнғироқ қилади ва ишни тезроқ битириб беришини сўрайди. Инспектор эса, дастлаб берган пули ишни битириш учун етмаганини, яна 200 АҚШ доллари берса, ҳужжат тезда тайёр бўлишини таъкидлайди. Телефонда унинг талабларига рози бўлган аёл Ғ.Кабировнинг хатти-ҳаракатлари ноқонуний эканини тушуниб етади ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ариза билан мурожаат қилади.
СВОЖЖДЛҚК департаментининг Бўка туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Ғ.Кабиров 200 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далил билан қўлга олинди.
Суд мансаб ваколатидан фойдаланмоқчи бўлган Ғ.Кабировга тегишли жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди.