Океан тўлқинларидан электр энергия олинмоқда
Еврокомиссия ва Европа Инвестиция банки (ЕИБ) Португалияда океан тўлқинларидан электр энергияси олиш мақсадлари йўлида 10 миллион евро ажратадиган бўлди. Бу борада Еврокомиссия расман баёнот тарқатган.
Маблағлар бу соҳада анчадан бери фаолият юритиб келадиган Финляндиянинг AW-Energy компаниясига берилади. Айнан мана шу компания тўлқинларда энергия яратиш технологияларига эга.
Бу каби технологиялардан фойдали ишларда, яъни шўр сувларни чучуклаштириш, сувларни резервуарларга юбориш мақсадларида фойдаланиш мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирча тўлқинлар қуёш энергияси даражасида энергия бера олмайди. Бироқ бошқа муқобил энергияларга қараганда кўпроқ энергия бера олади. Масалан шамолга нисбатан тўлқин кучли экани айтилади. Ҳозирча тўлқинлардан электроэнергия яратиш кенг оммалашмаган. Бугунги кунда фақат экспериментал тадқиқотлар ўтказилмоқда, холос. Тўлқинлар энергиясидан кемалар ҳаракати мақсадларида ҳам фойдаланиш мумкин. Океан соҳилларида жойлашган мамлакатлар, жумладан Буюк Британия ва Ирландия фойдаланадиган умумий электр энергиясининг 5 фоизи тўлқинлардан олиши мумкинлиги ўрганилмоқда. Буюк Британияда Oyster деб номланган генератор мавжуд. Тўлқиндан электр олиш имкониятлари шунингдек, Шимолий, Жанубий Америка, Австралия, Жанубий Африка ва Янги Зеландияда юқори ҳисобланади.
Жаҳондаги биринчи тўлқин электростанцияси Португалиянинг Агусадора туманида океандан 5 километр узоқликда қурилганди. У расман 2008 йилнинг 23 сентябрида иш бошлаган. Мазкур электростанциянинг қуввати 2,25 МВт бўлиб 1 минг 600та хонадонни электроэнергия билан таъминлашга қодир. Аслида бу электростанция 2006 йилда ишга туширилиши керак эди. Аммо бир қатор мураккабликлар туфайли фойдаланиш икки йилга кечикиб кетди.
Электростанция Шотландиянинг Pelamis Wave Power компанияси томонидан лойиҳалаштирилган. Бу компания 2005 йилда Португалиянинг Enersis энергетика компанияси билан тўлқин электростанциясини қуриш борасида шартнома имзолади. Шартнома нархи 8 миллион еврога тенг бўлиб, электростанция сузиб юрувчи учта қурилмадан иборат.
АҚШ ва Европа Иттифоқи бу соҳани ривожлантириша юз миллионлаб евро ажратмоқда. Германияда бу турдаги электростанция қуриш учун рухсат денгиз ва гидрографик Федерал агентлигидан олинади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, тўлқин электростанцияси портларни муҳофаза қилувчи, тўлқин қайтарувчи вазифаларни ҳам бажаради.
Бугунги кунгача океан тўлқинлари вайронагарчилик келтирарди. Энди эса улардан мақсадли фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Мутахассислар доимий суратда тўлқин электростанцияси конструкцияларини такомиллаштириш устида бош қотириб келади. Австралиянинг Energetech компанияси томонидан Сиднейдан 240 километр жанубда қуриладиган электростанция 11 қаватли турар-жой биноси баландлигича бўлиб, ноёблилиги билан ажралиб туради.
Мутахассислар тўлқин электростанцияси келажагига катта умид билан қарашмоқда. Буюк Британиянинг Корнуолл ярим ороли сайёҳларнинг севимли маскани ҳисобланади. Эндиликда бу ер янада машҳур бўлади. Чунки, яриморолдан 15 километр узоқликда тўлқин электростанцияси қурилмоқда. Бунинг учун ҳукумат томонидан 21,5 миллиард фунт стерлинг ажратилди. Электр энергия кабеллар орқали қуруқликка етказилади. Яқин-яқингача муқобил энергия дейилганда шамол ва қуёш энергияси тушинилар эди. Океан энергиясидан деярли фойдаланилмасди. Энди вақт ўзгармоқда. Жаҳонда океанлардан экологик хавфсиз бўлган энергия яратиш тарафдорлари кўпайиб бормоқда. Қароргоҳи Канадада жойлашган Finavеra энергетика фирмаси раҳбари Жейсон Бакнинг айтишича, океандан энергия олиш фурсати етиб келди. У ўз сўзида корхонаси мижозларга тоза энергия етказиб бериш имкониятларига эга эканини эслатиб ўтди.
Океан тўлқинлари шамол ва қуёш сингари инсониятнинг энергетикага бўлган эҳтиёжларини қондиришга шубҳа йўқ.
Шарофиддин Тўлаганов таржима қилди