Жаҳон | 15:14 / 12.07.2016
6527
2 дақиқада ўқилади

Ҳаага суди Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги даъволарини рад этди

Ҳаага халқаро суди қарорига кўра, Хитойни Жанубий Хитой денгизи ҳудудидаги баҳсли оролларга эгалик қилиш учун «тарихий ҳуқуқи» йўқ. Бу ҳақда Reuters хабар тарқатди.

Ҳаага арбитраж суди аъзолари қарорига кўра, ХХР Спратли архипелагига даъво қилиш орқали Филиппин ҳуқуқларини бузади.

Хитой Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, суднинг Жанубий Хитой денгизи бўйича қарори Хитой суверенитетига таъсир кўрсата олмайди.

Филиппин ТИВ томонидан маълум қилинишича, «филиппинликлар бу қарорни ҳурмат билан қарши олади ва унинг муҳимлигини эътироф этади». Шу билан бирга улар бу қарор минтақага «осойишталик келтириши»га ишонч билдирган.

Жанубий Хитой денгизининг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Спратли оролларига Вьетнам, Хитой, Тайвань, Малайзия, Филиппин ва Бруней даъвогарлик қилади. Архипелаг ҳам геосиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан муҳим: тахминларга кўра, бу ерда катта нефть ва газ захираси мавжуд.

Минтақадаги вазият Хитой маржон қоялардан бирига асосланиб сунъий ороллар қуришга фаол киришганидан сўнг кескинлашган. Филиппин президенти Бенигно Акино III Хитойнинг айби билан минтақада кенг миқёсли ҳарбий низо келиб чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирганди. Расмий Манила архипелагнинг бошқа бир қисмида объектларни «қайта тиклаш ва реконструкция қилиш бўйича ишлар» қайта бошланишини эълон қилган. Ушбу баҳсда АҚШ Филиппинни фаол қўллаб-қувватлайди.