Фан-техника | 22:22 / 12.07.2016
6174
2 дақиқада ўқилади

Tesla компанияси ўлим билан якунланган автофалокатдан кейин инвесторларни алдаганликка текширилмоқда

Фото: REUTERS

АҚШнинг қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси (SEC) Tesla авиакомпаниясини инвесторларга 600 млн долларлик акцияларини сотиш вақтида ўлим билан якунланган автофалокатни айтмай, қонунни бузган бўлиши мумкинлигига текширмоқчи, деб хабар бермоқда  The Wall Street Journal.

Портал маълумотларига кўра, SEC компаниянинг май ойи ўрталарида 600 млн долларлик акцияларини сотувга қўйиши бўйича дастлабки текширувни ўтказмоқда. 

Маълум қилинганидек, май ойи бошида автопилотда ҳаракатланаётган Tesla  электромобили йўл-транспорт ҳодисасига учраб, оқибатда ҳайдовчи ҳалок бўлган.

Бу авария ҳақида июнь охирида, АҚШ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан тергов қўзғатгандан кейингина маълум бўлди, Tesla ўз акцияларини кенг жамоатчиликка таклиф қилинганда ЙТҲ ҳақида ҳеч нарса маълум бўлмаган.

Автофалокат ҳақида маълум қилингандан бир неча кун кейин Tesla акциялари 10 фоизга арзонлашиб кетди, бунинг оқибатида эса инвесторлар зарар кўрган бўлиши мумкин.

SEC тергови ҳали эрта босқичда турибди ва қандайдир ҳаракатларга олиб келмаслиги ҳам мумкин.

Июль бошида автопилотли Tesla электромобили яна йирик аварияга тушгани маълум бўлди.