Спорт | 21:54 / 12.07.2016
6397
2 дақиқада ўқилади

Венгер «Арсенал»га янги ҳужумчи сотиб олиш бўйича музокараларни бошлайди

«Арсенал» жамоаси бош мураббийи Арсен Венгер чоршанба куни Лондонда «Наполи» жамоаси спорт ишлари директори Кристиано Жунтоли ва неаполитанликлар клуби президенти Аурелио Де Лаурентис билан учрашади.

Учрашувда «Наполи» ҳужумчиси Гонсало Игуаиннинг «Арсенал»га ўтиши масаласи муҳокама қилинади. 

Бундан олдинроқ, лондонликлар клуби 28 ёшли бу аргентиналик футболчи учун 50 миллион евро ва Оливье Жирунинг трансфер ҳуқуқини беришга тайёрлиги ҳақида хабар қилинганди.

RaiSport эксперти Чиро Венерато «Наполи» Игуаинни «Арсенал»га сотишига ишонч билдирган.

«Витселнинг трансфери бўйича воситачилар клубга Игуаин учун талабгор ҳақида маълум қилишган. Бу таклиф „Арсенал“ томонидан берилган. Гап 50 млн евро ва Жирунинг трансфер ҳуқуқи ҳақида кетмоқда. Менга маълум бўлишича, Венгер бу агентдан „Наполи“ раҳбари билан Лондондан учрашув ташкиллаштиришни сўраган. Игуаин мамнуният билан Англияга йўл олади. „Арсенал“ унга йилига 8 млн евро маош тўлашни назарда тутувчи 4 йиллик шартнома таклиф қилмоқда. Менимча, „Наполи“ буюк британияликларнинг таклифини қабул қилади ва унинг ўрнини тўлдириш учун Миликка эътиборини қаратади», — дея Венератонинг сўзларини келтиради 101 Great Goals.

Бугун Игуаинга Хитой жамоаларидан бири қизиқиш билдираётгани, унга бир мавсум учун 50 млн евролик маош таклиф қилаётгани ҳақида хабар ҳам пайдо бўлганди. Бу таклифни қабул қилиш орқали 28 ёшли Игуаин дунёдаги энг кўп маош олувчи футболчига айланиши мумкин бўларди.

Ўтган мавсумда Жиру Англия чемпионатининг 38 учрашувида 16 гол урган ва 6 марта голли пас муаллифи бўлган.

Игуаиннинг кўрсаткичи эса А Сериянинг 35 учрашувидаги 36 гол ва 2 голли пас.

Манба: Tribuna.uz