Жамият | 18:24 / 13.07.2016
5382
3 дақиқада ўқилади

Безорилик қилган йигитлар осойишталик ходимлари томонидан тўхтатилди

Абдужамил “Пойтахт” автосалони олдидаги автомашиналарни таъмирлаш устахонасида ишларди. Байрам куни ўртоғи Мадазимни ишхонасига олиб келиб, овқат тайёрлашди. Улфати Маъруфни ҳам қўнғироқ қилиб, чақириб олишди. Ишхонанинг узида дастурхон тузашди. Бир шиша ароқни учовлон майдалаб ичишди.

Шу пайт устахонага таниши Мансур келиб, ўзига тегишли нарсаларни олиб кетди. Уни Абдужамил кузатиб қўйди.

Бироздан сўнг “Бухоро” кафеси ёнидаги кўчадан “Кобалт” автомашинаси чиқиб келиб, ундан йўлдан қочишини айтиб, кетма-кет сигнал чалди. Автомашина ҳайдовчиси бўлган аёл машинадан тушиб унга бақира кетди. Абдужамил ҳам аёлнинг сўзларига боплаб жавоб қайтарди. Аёл ўша ерда бўлган Абдузоҳиддан ёрдам сўради. Абдузоҳид Абдужамилнинг олдига бориб, йўлдан қочишини, машинага йул беришини илтимос қилди. Абдужамил эса уни ҳақоратлаб қочди. Абдузоҳид эса аламидан уни қувди.

Маъруф кўчага чекиш учун чиққанида Абдужамилни бир йигит билан жанжаллашаётганига кўзи тушди. Дарҳол Мадазимни чақириб, танишига ёрдам беришга ошиқишди. Маъруф билан Мадазим Абдузоҳидни дуч келган ерига тепишди. У ҳушидан кетди. Бироздан сўнг ҳушига келганида йигитлар яна уни аямасдан ҳақоратлаб, уришди. Бир амаллаб ўрнидан турган Абдузоҳид автомашинасига ўтириб олди. Йигитлардан бири автомашинанинг ойнасини синдирди. Машинада унинг ҳомиладор турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳам бор эди. Улар бу ҳолатдан қўрқиб кетишди. Шунинг учун Абдузоҳид автомашинасини тезроқ ҳайдаб кетди. Уйига боргач, соғлиги ёмонлашди. Тез тиббий ёрдам чақиришди. Уни касалхонага олиб кетишди.

Йигитлар бўлса худди бир ишни қойил қилган шердек ортларига қайтишиб, зиёфатни давом эттиришди.

Безориларни ИИБ ходимлари қўнғироқ қилиб чақиришиб, суриштирув ишларини олиб боришди. Суд Мадазим Абдужабборов ва Маъруф Абдужалиловларга ҳар ойлик иш ҳақидан 20 фоиз давлат фойдасига ундирилган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

“Ўйламай қилинган иш бошга келтирар ташвиш” деб шунга айтсалар керакда. Йигитларнинг ўйламай қилган ишидан боши эгилди.

Хонбиби ХИММАТ кизи, журналист