Жамият | 11:15 / 13.07.2016
14316
8 дақиқада ўқилади

Расулуллоҳ менга берган ҳадя

Ziyouz.uz ва qadriyat.uz сайтлари “Энг гўзал ҳикоятлар” танлови ўтказмоқда. Қуйида танловга қўйилган ҳикоялардан бири ўзгаришларсиз келтирилади.

Энг гўзал рўё

2012 йил. Шаъбон ойи. Бароат кечасида саловатлар ўқишим керак, деб жуда кўп тайёргарлик қилиб юрган эдим.

Ўзга юртда бўлганлигим боис қўлимда етарлича саловатлар йўқ, интернетдан араб тилида ёзилган саловатларни жуда кўп излагандим. Тўрт ёки беш кун давомида соатлаб интернетда ўтириб, бир қанча саловатларни тўпладим. Саловатларнинг маъноси шундай гўзал эдики, ўқилганда қалбнинг туб-тубига сингиб, инсон руҳига ўзгача ҳаловат бағишлар эди.

Умр йўлдошим ҳам араб тилини аъло даражада билганликлари боис ҳар куни ишдан келишларини пойлаб ўтирар эдим. Араб тилида баъзи ҳаракатсиз ёзилган сўзларни ўқий олмасдим, умр йўлдошим менга қарашиб юборар эдилар. Шундай қилиб саловатларни хатосиз, тўғри ўқишга ҳаракат қилдим.

Ва ниҳоят мен «Бароат» кечасига тайёр эдим. Энди тезроқ шу кеча келса-ю, мен тўйиб-тўйиб тўплаган ва биридан-бири гўзал бўлган саловатларимни Набийимиз ва ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун завқланиб ўқишни кутардим.

Ўша кунлари умр йўлдошим машина олиш арафасида юрган эдилар. Ҳар куни интернетдан нархлари маъқул бўлган машиналарни биргалашиб томоша қилардик, маъқул келганига хўжайиним қўнғироқ қилиб, бориб кўриб келардилар. Шу орада хўжайнимга бир машина ёққандек бўлди. Нархиям маъқул. Менга “кел иккимиз бир истихора қилиб кўрамиз” деб қолдилар.

Ўша кунлари машинага алданиб қолдимми, чалғидимми, билмадим «Бароат» кечасини қандай қилиб ўтказиб юборганимни сезмай ҳам қолибман. Мени ғафлат тутиб, шунча кун кутиб юрган муборак «Бароат» кечасини ўтказиб юборганимни билмай қолибман.

Шаъбон ойининг 15-кунидамиз. Аср вақти. Мен ҳали ҳануз ғафлатда. Намозимни ўқиб, билган саловатларимни айта бошладим. Бирдан ёдимга бугунги кун Шаъбон ойининг 15-куни эканлиги ёдимга тушиб қолди.

“Эй Аллоҳ, наҳотки муборак кечани ўтказиб юборган бўлсам”, деб юрагим сиқилди. “Эссиз, шунча кўрган тайёргарликларим”, деб ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Сўнгра маҳзун ҳолатда саловатлар ёзилган дафтаримни олиб, ҳечдан кўра кеч деб бирин-кетин бор овозим билан ўқий бошладим. Шу зайлда то уларни ўқиб тугатгунимга қадар чамамда икки соатча вақт ўтди.

Кўнглим сал тинчигандай бўлди. Аммо... Вақтида ўқий олмаганим учун ич-ичимдан ҳали ҳануз хафа эдим.

Шу тун бир туш кўрдим.

Тушимда оломоннинг “ана Расулуллоҳ, Расулуллоҳ келяптилар” деган овозларни эшитиб қолдим. Одамларнинг овозидан улар анча-мунча эди, лекин оломоннинг ўзини кўрмадим. Барибир ҳозир югуриб борсам ҳам бу оломон орасидан Расулуллоҳни кўра олмайман, деб турганимда саловатли, жуда ҳам келишган ва гўзалликда тенги йўқ Расулуллоҳ уруш кийимида катта-катта ва шахдам қадам ташлаб келаётганларини кўрдим. Ул зот пастқамгина бир уйчага кириб, кийимларини ўзгартириб чиқдилар. Уйларининг ён деворида экилган гулларми ёки райҳон бўлдими билмадим, ана шуларни теша билан тагини юмшатишга киришиб кетдилар. Мен уларнинг ёнларига яқинлашиб:

“Салом бердим ва сиз чиндан ҳам Набийуллоҳмисиз” деб сўрадим.

Улар менга қараб илиқ табассум билан “ҳа” дегандек бошларини қимирлатдилар. Кейин мен яна савол бердим:

“Сизни "Эй Набийуллоҳ" деб чақирсам бўладими?” деб сўрадим. Улар яна илиқ табассум билан “ҳа” дегандай бўлиб, бошларини қимирлатдилар. Кейин мен уларга халақит қилмаслик учун сал четроқ турдим ва чексиз саҳролар томон қараб турганимда Набийуллоҳ ўринларидан туриб олдимга келдилар. Шунда мен уларга дедим:

“Эй Набийуллоҳ, мен сизни жуда ҳам яхши кўраман” деб айтдим.

Улар ҳам чексиз саҳро томон боқиб, менга шундай дедилар:

“Мен ҳам сизни анча йиллардан бери яхши кўраман” деб айтдилар.

Мен бу сўзларни ўзларидан эшитганим боис жудаям қувониб кетдим.

Сўнгра нимаям бўлди-ю, уйга кетдим. Эртаси куни кайфиятим ҳам жуда аъло эди. Ўзимга кўйлак харид қилиш учун кичкинагина бозорга бордим. Бозорда сотувчилар шунчалар кам эдики, ҳеч биридан ўзимга ёқадиган бирон бир кўйлак топа олмадим. Шунда мажбуран бир кўйлакни олмоқчи бўлиб ушлаб турсам, узоқдан бир қиз қўлларида бир даста гулларни ушлаб олиб, мен томон кулиб келаётганларини кўриб қолдим.

Яқинлашиб менга дедилар:

“Сизни изламаган жойим қолмади. Кеча дадам билан гаплашган экансиз. Сиз учун жудаям хурсандман. Мана бу гуллар сиз учун” деб менга ҳар-хил рангли лола гулдастани тутқаздилар. Шунда билдимки, бу қиз Расулуллоҳнинг қизлари Фотима онамиз эканлар.

Мени яна гапга тутиб:

“Бу ерларда нималар қилиб юрибсиз?”, деб сўрадилар.

Мен кулиб:

“Ўзимга кўйлак харид қилмоқчи бўлиб турган эдим”, дедим.

Кейин улар:

“Бу ердан олманг, мен сизга ўзимнинг кўйлагимни ҳадя қиламан”, деб оппоқ ва майин матодан тикилган кўйлакларини менга совға қилдилар. Кўйлакни қўлларим билан ушлаб силар эканман, ундаги майинликни ва оппоқ нақшларини таърифлашга тил ожиз эди. Кўйлакка ҳавас билан қараб, қўлларим билан силадим. Чунки бундай майин ва гўзал матони умрим бино бўлиб ҳали кўрмаган эдим. Менинг ўша пайтдаги хурсандлигимни ҳеч қачон шарҳлаб бера олмасам керак. Ўша ерда туриб тинмай йиғлабман. Фотима онамизга қараб:

“Раҳмат сизга, каттакон раҳмат. Мен бу кўйлакни киймайман, балки кафанлигимга асраб қўяман. Бу менинг кафанлигим бўлади, энди менинг кафанлигим бор”, деб уйимга хурсандлигимдан йиғлаб-йиғлаб қайтибман. Уйим ҳам ўша даврдаги пастқам уйларга ўхшаган эски уйлардан бири экан. Ўша ерга кириб таом ҳозирлай бошлабман. Шунда кўчадан яна оломон товушини эшитиб қолдим. Оломон "ё Расулуллоҳ, ё Расулуллоҳ" дея қичқиришар эди. Уйимдан ўқдек югуриб, отилиб чиқибман. Қарасам оппоқ нурли тўн кийган ва оппоқ нурли рўмолни бошларига ташлаб қўйган ва юзлари мунаввар бўлиб турган Расулуллоҳ аравада одамларга нимадир тарқатаётган эканлар. Мен ҳам олдиларига югуриб бориб “менга ҳам беринг” деб айтдим. Улар менга “афсус, бошқа қолмадику” деб айтдилар. Кейин менинг маҳзун чеҳрамни кўриб:

“Ҳозир, ўзим аравага чиқиб қарайман”, деб араванинг энг орқа ва энг сўнгги томонидан бир нарсани олиб тушдилар. Қарасам мунаввар қўлларида оппоққина коптокдек келадиган юм-юмалоқ нурли бир нарсани менга узатдилар. Мен уни олиб уларга “бу нима?” деб сўрасам, улар “бу хайрлик, у фақат сиз учун. Ўзиям энг сўнггиси қолган экан”, деб айтдилар.

Эй Аллоҳ, бу қандайин ҳам гўзал туш бўлди. Уйғонганимдан сўнг ўзимни боса олмай тинмай йиғлабман.

Сўнгра кеча ўқиган саловатларим ёдимга тушди. Саловатларимни кеч ўқиганим боис хайрликнинг энг сўнггисига илинган эканман, деб ўзим учун ибрат олдим ва алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн, менга ҳам хайрлик насиб этганидан жуда ҳам мамнун бўлдим.

Муаллиф: Замира Ибраҳимова