Хитой жамоаси Робсон-Кануга йилига 5 млн фунт маош таклиф қилмоқда
Уэльс терма жамаоси сафида Европа чемпионатида портлаган тажрибали ярим ҳимоячи Ҳэл Робсон-Кану фаолиятини Осиёда давом эттириши мумкин.
Sky Sports нашри тарқатган хабарга кўра, унга БАА ва Хитой жамоаларидан қизиқиш мавжуд. «Бейжинг Гоань» ва «Сзянсу Сунин» 27 ёшли уэльсликка йилига 5 млн фунт маошни ўз ичига оладиган шартномалар таклиф қилмоқда.
Шунингдек, футболчига Абу-Дабининг «Ал-Жазира» жамоасидан қизиқиш билдирилмоқда.
Лекин футболчи фаолиятини Англия премьер-лигасида давом эттирмоқчи ва унинг вакиллари «Уотфорд», «Халл» ва «Суонси» жамоалари билан музокаралар олиб бормоқда. Унга шунингдек, «Эвертон», «Галатасарой», ва «Лестер» каби клублар қизиқмоқда.
Қайд этиш керакки, Робсон-Кану эркин агент бўлиб турибди. У ўтган мавсум охирида 10 йиллик фаолиятидан кейин «Рединг»ни тарк этган.
Ҳал – келиб чиқишига кўра инглиз бўлиб, ёшлигида «уч шерлар» сафида ўйнаган. У «Арсенал» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади.
Кейинчалик у буваси туфайли Уэльс терма жамоасида ўйнашга қарор қилди. Робсон-Кану терма жамоанинг асосий ҳужумчиси саналмаганди, лекин у Евро-2016 давомида бир неча ўйинда ўзини кўрсатиб, айниқса Бельгия терма жамоасига урган голи орқали бир қатор клублар диққатини ўзига қаратди.
Манба: Tribuna.uz