"Коса Ностра" раҳбари вафот этди
"Коса Ностра" номи остида фаолият юритган Италия мафияси етакчиси Бернардо Провенцано вафот этди. Бу ҳақда Rai News24 телеканалида хабар қилинган.
83 ёшли жиноятчи 2006 йилдан буён қамоқхонада сақлаб келинаётганди. Охирги вақтларда унинг соғлиғи ёмонлашган.
У 1993 йили Сицилияда "Чўқинтирган ота" Сальваторе «Тото» Риини ҳибсга олингач, мафия етакчисига айланган ва жиноий ташкилотни янада кенгайтирганди. 43 йил давомида суддан қочиб юрган Провенцано 2006 йили қўлга тушганди. У Пармада бир неча қотилликларни амалга оширгани (хусусан, 2 нафар суд ҳаками) учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
Биринчи қотилликни Провенцано 25 ёшида содир этган (рақиблар етакчисини ўлдирган).
У ҳибсга олинганида полицияда унинг ягона сурати бўлган, бу сурат 1959 йили олинган.
2011 йилда саратонга чалинган мафия етакчиси 2012 йил майида ўз жонига қасд қилишга уринганида қамоқхона нозирлари томонидан тўхтатиб қолинган. 2014 йилда Провенцано асаб тизимидаги бузилиш туфайли Сан-Паоло шифохонасига ўтказилган.
Провенцанонинг лақаби "Трактор Бинну" бўлган, бунга у одамларни ўлдиришда ҳар қандай шафқатсизликдан қайтмагани сабаб бўлган.
Коза ностра — Сицилиядаги жиноий ташкилот, унга XIX аср бошида асос солинган.