Light | 10:52 / 13.07.2016
18020
2 дақиқада ўқилади

Ортиқча вазн учун кўнгилочар боғга киритилмаган 2 фарзанднинг онаси 72 килога озди

Ҳозирда Стефани Чавез ажойиб кўринишга эга.

Форт-Уэйнлик (Индиана штати) бу 30 ёшли аёл қачонлардир 140 килограмм вазнга эга бўлганига ишониш жуда қийин. Стефани 12 ёшидан бери импульсив тўйиб овқат ейишдан азият чекар эди ва унга ҳеч қандай парҳез ёрдам бермасди. Бироқ 2010 йилда Флоридадаги «Ҳарри Поттернинг сеҳрли олами» кўнгилочар боғига ташриф буюргач, унинг ҳаёти ўзгариб кетди. Мазкур боғ ходимлари аёлнинг вазни туфайли унинг аттракциондан фойдаланишини тақиқлашди. 

«Ўша кун ҳаётимдаги энг ёмон кунга айланган эди — ўзимни ноқулай ҳис этдим, менга кўнгилочар боғнинг ҳеч бир аттракционига ўтира олмаслигимни айтишганида эса, туни билан йиғлаб чиқдим», — дейди Стефани.

Ўша вақтдан бошлаб аёл 72 килограммгача вазн йўқотишга муваффақ бўлди. Ҳозир унинг вазни — 67 кг.

«Мен 12 ёшимдан бери озишга ҳаракат қилдим, парҳез тутдим ва бунинг бари бефойда бўлди — мен барча янги парҳез усулларидан ва озиш учун дорилардан фойдаландим».

«Бу уринишлардан сўнг, менда бошқариб бўлмайдиган очкўзлик касаллиги пайдо бўлди, мен кўзга кўринган барча нарсани еяверардим. 

Мен фастфуд ва яримфабрикат маҳсулотлар билан озиқланардим. Айрим вақтлари катта миқдорда таом истеъмол қилганим учун кўнглим айнайди».

Ҳозирда Чавез тренер бўлишни истайди.

«Аввал бошида ҳар куним жуда оғир кечди.  Мен енгил жисмоний машқларни аранг енгиб ўтдим. Бироқ кундан-кунга оз-оздан кучлироқ бўла бошладим. Менга аввал тановул қилмаган таомларим ёқа бошлади. 

Мен доим баҳоналар изловчи ва ўзига ачиниб қаровчи инсон бўлишдан тўхтадим», дейди у.

Ўтган йили Стефани Чавез  «Фитнес-трансформация» танловида биринчи ўринни эгаллади.