Жамият | 22:30 / 13.07.2016
17157
4 дақиқада ўқилади

Пауло Коэльодан навбатдаги шедевр - «Жосус»!

Бразилиялик машҳур ёзувчи Пауло Коэльо ўзининг навбатдаги асарини ўқувчиларга тақдим этди. Дунёдаги асарлари энг кўп ўқиладиган ёзувчилардан бири бўлган ижодкорнинг галдаги романи «Жосус» ёхуд «Мата Ҳари» деб номланади. Китоб аллақачон дунёнинг қатор тилларига таржима қилина бошланди. Бу ҳақда ёзувчи ўзининг twitter'даги саҳифасида маълум қилган.

«Жосус» («Мата Ҳари») - асар ҳаётий воқеаларга асосланади. Асар Мата Ҳари исмли, давлатга хиёнат қилганликда айбланиб, қатл қилинган қиз ҳақида. Мата Хари Биринчи жаҳон уруши вақтида Парижда яшаган раққоса бўлган. У жуда гўзал бўлгани учун Парижнинг обрўли кишилари эътиборига тушади. Ўша вақтдаги зўравонлик ва аслзодаларнинг эркаликларига қарши чиқади. Айнан шунинг учун унинг ҳаётига зомин бўлишади.

Ўлимга ҳукум қилинган Мата Ҳари унга перо, қоғоз олиб келишларини сўрайди ва хат ёзади. Охирги 20 йилликда Буюк Британия, АҚШ ва Нидерландия ҳукумати раққоса қизнинг ҳаёти ҳақида кўплаб ҳужжатлар ва ўша хатни ҳам топишади. Бу хат эса эгасини топади... У Пауло Коэльонинг қўлига тушиб қолади...

«Бир куни столимнинг устида тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётган ҳужжатларга кўзим тушди. Улар орасида Мата Ҳаранинг хати ҳам бор эди. Уни ўқир эканман ҳайратга тушдим - бу қиз қандай қилиб шунчалик кўп душман орттирган экан...»,- дейди ижодкор.

Ўша хат асосида Коэльо Мата Ҳарининг образини тиклайди. Унда қизнинг болалигидаги хотираларигача ёзилган эди: Яве исмли ароқхўр дипломатнинг хотини бўлганидан Францияда экзотик рақсни маромига етказиб ижро этаётганидаги сармаст туйғуларигача.

«Мата Ҳари илк озодликка интилган ва шахс сифатида унга етишган аёллардан. У жамиятдаги аёллар устидан ҳукмронлик ўрнатишга ҳақлимиз деб ўйлайдиган эркакларга исён қилади. Унинг хатидан кўп ўрнак олсак бўлади. Мата Ҳарининг ягона айби шундаки, у мустақил аёл эди»,- дейди Коэльо.

Мата Ҳари отувга ҳукм қилинади. Ҳукм бажарилишидан олдин у кўзини бойлаш учун берилган боғични тақишдан бош тортади. У қотилининг кўзига тик қарашни хоҳлайди ва «Мен тайёрман» дейди. Асар мана шу аёл тақдири ҳақида.

Пауло Коэльонинг янги асари шу йилнинг кузида Россиянинг АСТ нашриётида рус тилида нашрдан чиқиши кутилмоқда. Бу ҳақда нашриёт сайтида маълум қилинган.

Пауло Коэльо 1988 йилда ёзилган «Алкимёгар» романи билан кўпчиликка танилган. Унинг охирги асарлари «Вероника ўлимни танлади» (1998), «Ғолиб ёлғиз қолади» (2008) ва «Эдюлтер» (2014) ҳисобланади. Унинг китоблари бутун дунё бўйлаб 200 миллионга яқин сотилган. Улар дунёнинг 160 мамлакатида 80 тилга таржима қилинган. Биргина «Алкимёгар» асари ўзбек тилига учта таржимон томонидан ўгирилган.

Коэльонинг ижтимоий тармоқдаги фаоллиги ҳам диққатга сазовор. Унинг Facebook'да 28 миллион, twitter'да 11 миллион ўқувчиси бор.