Ўзбекистон | 19:44 / 13.07.2016
53777
2 дақиқада ўқилади

Президент Ислом Каримовнинг иккита янги китоби нашрдан чиқди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди” ва “Ҳаёт синовларида тобланган Қашқадарё эли ҳар қандай юксак маррани эгаллашга қодир” номли китоблари “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда. 

Ушбу китоблардан ана шу суҳбатлар пайтида президент томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ўрин олган бўлиб, уларда нафақат Сурхон ва Қашқа воҳалари, балки бутун мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги тараққиёти, Ўзбекистондаги тинчлик ва осойишталикни, обод ва фаровон ҳаётни янада мустаҳкамлаш ва қадрига етиш, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни чуқурлаштириш, бунёдкорлик ишларини янги босқичга кўтариш, ёшларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш каби ўта муҳим ва долзарб масалалар бўйича фикр юритилади.

Ушбу китобларда тарихан қисқа муддатда Термиз, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб, Ўзбекистоннинг энг йирик, жадал ривожланиб бораётган иқтисодий ва маданий марказларига айлангани аниқ мисоллар асосида таҳлил этилади.

Ислом Каримов китобларида мустақиллик йилларида ўзбек халқи, мамлакат эришган барча ютуқ ва марраларда Ўзбекистоннинг ҳамма ҳудудлари қатори Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари меҳнаткашларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги чуқур миннатдорлик билан эътироф этилади. 

Ҳажман кичик, лекин мазмунан чуқур бу китобларни “Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди” деган ҳаётий ҳақиқат бош ғоя сифатида бирлаштириб туради.