Қорақалпоғистонда «Бунёдкор» ёшлар меҳнат ҳаракати қурилиш объектларида фаол иштирок этмоқда
Қорақалпоғистон Республикасидаги қурилиш объектлари, корхона ва ташкилотларда ёзги таътилга чиққан олий ўқув юртлари талабалари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларидан иборат “Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракати аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқда. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университетида ҳам меҳнат гуруҳи ташкил этилиб, ташаббускор ва шижоатли талабалар ёзги таътил кунларини қизғин меҳнат билан ўтказмоқда.
Университетнинг кимё, тарих-ҳуқуқ, техника, жисмоний маданият, табиатшунослик, физика-математика факультетларида таҳсил олаётган ана шундай ёшлардан 40 нафари қурилиш ишларида иштирок этаётир.
Бунёдкор талабаларнинг бир гуруҳи университетнинг ахборот-ресурс марказида амалга оширилаётган таъмирлаш ишларида қатнашмоқда. Бу ерда “Жайҳун универсал” масъулияти чекланган жамияти томонидан 3 миллиард 612 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Бунёдкор талабалар ишчи кийими ва иссиқ овқат билан таъминланган.