Терроризм! Болаларга тегма! (Шеър)
Ниццада 14 июль куни кечқурун юз берган фожиа 84 кишини ҳаётдан олиб кетди. Теракт туфайли жабрланган ҳолда шифохоналарга ётқизилганларнинг 50 нафари ҳаёт учун курашмоқда. Франция президенти Франсуа Олланд ҳалок бўлганлар орасида болалар борлигини маълум қилди.
ТЕРРОРИЗМ!
БОЛАЛАРГА ТЕГМА!
Терроризм!
Тўхта, бўлди, бас,
Тўкма бунча инсон қонини.
Олсин бир зум хотиржам нафас,
Тинч ўтказсин хушнуд онини.
То заминга сепарсан қўрқув,
Ситам қўшиб ғаму кулфатга.
Қилмишингдан сесканар қайғу,
Ҳатто даҳшат тушар даҳшатга.
На одамсан, на сирли шарпа,
Ёнар, портлар изинг теккан жой.
Беркинарсан осон ҳар сафар
Сен бир кўзли Дажжол, ҳойнаҳой.
Бузар, алдар, қўрқитар бироқ
Ўлдирмайди одамни иблис.
Сен — қотилсан, қўлингда пичоқ,
Сен — одамхўр, ёвуз ялмоғиз.
Пайдодурсан тайёрагоҳда,
Масжидда ҳам бозорда алҳол.
Ёнгинамдан ўтиб шу чоғда
Бомба қўйиб кетдинг эҳтимол.
Шому Ироқ, Турк ила Фаранг,
Турар бугун боши хам, музтар.
Қачон тугар бу ерюткур жанг,
Қачон тинчлик бўлар музаффар?
Бу не ҳолат, бу не манзара?
Унутмоқда кулишни одам.
Наҳот ўлим бўлса масхара,
Наҳот шунда лаззат мужассам?
Тўйда мотам тутмоқда Ницца,
Жафо қилди сен минган улов.
Не-не орзуларни беғусса,
Ўтдинг босиб, янчиб беаёв.
Марҳумларнинг қону ёшига,
Ювилди-ку, ҳув шўрлик йўлак.
Қўғирчоғи йиғлар бошида
Жонсиз ётар бегуноҳ гўдак.
Гарчи сенда йўқ раҳму шафқат,
Гарчи доду фарёдлар бекор.
Бордир битта ўтинчим фақат —
Болаларга тегма, нобакор.
Болаларга кўрсатма муштинг,
Ахир улар — умид юлдузи.
Кошки, қолсанг қўлимга тушиб,
Қўяр эдим турқингни бузиб.
Терроризм!
Ниқобингни еч,
Топталмасин Муқаддас Ислом.
Улуғ зотлар руҳини қўй тинч,
Саждагоҳлар бўлмасин ҳаром.
Қилолмассан мўминни кулки,
Сололмассан чеҳрасига доғ.
Мен террочи эмасман, чунки,
Мусулмонман, алҳамдилуллоҳ!
Сен на яҳуд, сен на насоро,
Инсон тубан бўлмас бу қадар.
Бор сенга ҳам аталган бало
Жиноятга жазо муқаррар.
То ҳаётга талпинар юрак,
Токи қуёш нур сочар порлоқ.
То болалар бор экан, демак,
Сенга жой йўқ заминда мутлоқ!
15.07.2016
Зоҳиджон Олов