Ўзбекистон | 21:24 / 15.07.2016
5760
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда банк кредитларининг 80 фоизи узоқ муддатли кредитларга тўғри келди

2016 йил 15 июлда Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари муҳокама қилинди ва республика Ҳукуматининг жорий йил 15 январдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари бажарилишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Молия-банк тизими барқарорлигини янада ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар банклар жами капиталининг 23,3 фоизга ва депозитларнинг 27,7 фоизга ўсишини таъминлади, бу иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг 26,2 фоизга кўпайишига кўмаклашди. Барча банк кредитларининг қарийб 80 фоизи инвестиция мақсадларига берилган узоқ муддатли кредитлардир. 

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини модернизациялаш, диверсификациялаш ва оптималлаштириш дастурий чора-тадбирларини фаол амалга ошириш давом эттирилди. Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга давлат буюртмаси жорий этилди. Ғўза майдонлари қисқартирилди, бўшаган майдонларга мева-сабзавот экинлари экилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,8 фоизга кўпайди. 

Кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли йил бошидан буён 462,5 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Уларнинг 276,7 мингтаси ёки 59,8 фоизи қишлоқ жойлардадир.