Иқтисодиёт | 21:05 / 15.07.2016
8482
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда жорий йил биринчи ярмида ЯИМ ҳажми 7,8 фоизга ўсди

2016 йил 15 июлда Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари муҳокама қилинди ва республика Ҳукуматининг жорий йил 15 январдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари бажарилишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Президентининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган қарорида қайд этилганидек, ушбу йилларда миллий иқтисодиёт қарийб 6 бараварга ўсди. Ўзбекистоннинг ғалла, ёқилғи-энергетика ва транспорт-коммуникация мустақиллигига эришилди. Саноатнинг иқтисодиётдаги улуши 34 фоизга, тайёр маҳсулотларнинг экспорт таркибидаги салмоғи 70 фоиздан зиёд ошди. Истеъмол товарлари ҳажми аҳоли жон боши ҳисобига 7 бараварга, реал даромадлар 12 баравардан ортиқ кўпайди. Давлат бюджетининг 60 фоизидан юқориси ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилмоқда.

Иқтисодиётни ислоҳ қилишни, таркибий ўзгартириш ва модернизация қилишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга ўсишини таъминлади. Саноат ҳажмлари 6,7 фоизга ўсди. Қурилиш ишлари ҳажми 17,5 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми 12,9 фоизга кўпайди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.