Жаҳон | 07:09 / 16.07.2016
5975
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Истанбулга келиб, ўз тарафдорлари билан учрашди

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған самолёти Истанбул шаҳридаги Отатурк номидаги халқаро аэропортга келиб қўнди.

Қайд этилишича, Туркия раҳбари отишмалар эшитилиб турган ҳудудда ўзининг кўп сонли тарафдорлари билан учрашган.

У бир гуруҳ кишилар орасида кетаётгани тасвирлари пайдо бўлди.

Президент давлат тўнтариши амалга оширганлар қайси ташкилот вакиллари бўлишидан қатъи назар жазоланиши ҳақида айтиб ўтган.

Бундан олдинроқ, президент самолёти қўниши арафасида аэропортда портлаш содир бўлгани хабар қилинганди.

16 июлга ўтар кечаси Туркияда ҳарбий тўнтариш амалга оширишга уриниш юз берди.

Анқара ва Истанбулга танклар олиб кирилди. Пойтахтда жойлашган парламент биноси ҳарбий техника томонидан ўраб олинди ва ўққа тутилди. Шаҳар осмонида вертолётлар ва қирувчи самолётлар парвоз қилиб, портлаш овозлари янграй бошлади.

Эрдўған FaceTime орқали алоқага чиқиб, ҳали ҳам қуролли кучларнинг бош қўмондони эканини маълум қилди ва одамларни кўчаларга чиқишга ҳамда қонуний ҳукуматни ҳимоя қилишга чақирди.

Маҳаллий вақт билан соат 02:00да (Тошкент вақти билан соат 05:00да) Туркия разведкаси раҳбари Нуҳ Йилмаз давлат тўнтариши олди олингани ҳақида маълум қилди. Истанбул шаҳрида ҳарбий тўнтаришда иштирок этган 104 киши ҳибсга олинди.