Ереванда гаровга олинган полиция биноси яқинидаги аҳоли эвакуация қилинди
Қуролли гуруҳ томонидан гаровга олинган полиция маҳкамаси яқинида истиқомат қилган аҳоли эвакуация қилинди. Бу ҳақда маҳаллий нашрларда хабар тарқатилди.
Полиция бўлимига олиб борувчи барча йўллар ёпиқ. Полиция кучлари ва ҳарбийлар, жумладан зирҳли машиналар ҳудуд атрофини ўраб олган.
Полиция расмий баёнотни кутишни сўраган. Ҳозирча исёнчиларнинг вакиллари билан музокара ўтказилаётгани маълум. Музокарада Ереван полицияси бошлиғи Валерий Осипян ва Арманистон полицияси бошлиғи ўринбосари Вардан Егиазарян иштирок этмоқда.
Арманистон МХХ маълумотига кўра, гаровда 7 нафар полициячи бор. Ҳужум вақтида полициячилардан бири ҳалок бўлган.
Бугун куннинг биринчи ярмида бир гуруҳ қуролланган кишилар Ереван яқинидаги Эрубуни туманида полиция патруль-пост хизмати полки ҳудудидаги кириб, у ердаги одамларни гаровга олди.
Кўп ўтмай уларнинг тарафдорлари ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали қуролли қўзғолон бошлангани ва Арманистондаги вазият ўзгариши ҳақида хабар тарқатди.