Ниццалик террорчи ҳужум арафасида қариндошларига селфи ва 84 минг фунт жўнатгани маълум бўлди
Ниццада Бастилия олинишининг 227 йиллиги нишонланаётган пайтда байрамга йиғилган кишилар устига юк машинасини ҳайдаб бориб 84 кишининг ҳалок ўлимига сабаб бўлган, келиб чиқишига кўра тунислик террорчи Муҳаммад Лухуаеж Бухлел ҳужум арафасида оила аъзоларига ўз селфисини ҳамда 240 минг динор (84 минг фунт) миқдоридаги пул жўнатгани маълум қилинди. Бу ҳақда Daily Mirror нашри террорчининг 19 ёшли укаси Жобирга асосланиб хабар тарқатган.
Булелнинг укаси айтишича, у оиласига доимий равишда пул юбориб турган, лекин охирги марта "катта миқдордаги пул келган".
Унинг бошқа оила аъзолари ҳам ўша куни Бухлел дўстлари билан дам олаётган Тунисдаги курортдан сурат юборганини тасдиқлаган.
Ниццадаги воқеалардан кейин улар кечки соат 2:00га қадар Бухлелга хабарлар йўллаб, унинг аҳволидан хабар олишга уринишган.
Бундан ташқари, нашрлар хабарига кўра, террорчининг қўшнилари Булелнинг тунги клубларга серқатнов бўлгани, доимий равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилгани ва ҳеч қачон дин ҳақида гапирмаганидан гувоҳлик беришган.
Бундан олдинроқ, Ницца теракти ижрочиси кейинги йилларда психологга қатнагани ҳақида хабар пайдо бўлганди.