Жаҳон | 10:45 / 18.07.2016
4367
2 дақиқада ўқилади

Ереванда гаровдагиларнинг яна бири озод қилинди

Бугун эрталаб Ереванда полиция патруль-пост хизмати полкини эгаллаб олган гуруҳ гаровдагилардан бирини қўйиб юборган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлардан бири NEWS.am хабар тарқатди.

Эндиликда гаровда 5 киши қолмоқда. Улар орасида Арманистон полицияси раҳбари ўринбосари Вардан Егиазарян ҳамда Ереван полицияси бошлиғи ўринбосари Валерий Осипян ҳам бор.

17 июль куни тонгида, маҳаллий вақт билан соат 04:00да мухолифатдаги радикалларнинг автомат ва пистолетлар билан қуролланган 30 кишилик гуруҳи полиция патруль-пост хизмати полки дарвозасини бузиб кириб, бинони эгаллаб олди ҳамда унинг ичидаги хизматчиларни гаровга олди. Ҳужум вақтида полк бошлиғи ўринбосари, полковник Артур Ваноян ҳалок бўлган ва 4 киши жароҳатланган.

Қуролли гуруҳ мухолиф сиёсатчи, «Янги Арманистон» жамоат қутқарув жабҳаси етакчиси Жирайр Сефилянни ҳибсдан озод этишни ҳамда ҳукумат истеъфосини талаб қилди. Сефилян 26 июнь куни ҳибс қилинганди. Тергов давомида у ўз тарафдорлари билан Еревандаги телекоммуникация бинолари, хусусан телеминорани қўлга олишни режалаштиргани маълум бўлган.

Бундан олдинроқ, Арманистонда ушбу ҳужумга алоқадорлиги гумон қилиниб, мухолифатдаги «Таъсис парламенти» партияси тарафдорларидан 200 нафари қўлга олингани, терговлардан кейин уларнинг 50 нафари қўйиб юборилгани ҳақида хабар берилганди.