Керри Туркия НАТОда аъзолигини йўқотиши мумкинлигидан огоҳлантирди
АҚШ Давлат котиби Жон Керри Туркиянинг демократик тамойилларни бузувчи ҳаракатлари мамлакатнинг НАТОда аъзоликни йўқотишига олиб келиши мумкинлигини айтди, деб хабар бермоқда The Indepedent нашри.
Керри Европа дипломатияси раҳбари Федерика Могерини билан бирга берган қўшма матбуот-анжуманда АҚШ "Туркиянинг сайланган раҳбарияти томонида туришини" айтди.
Бироқ шунга қарамай Керри АҚШ Туркия ҳукуматини "мамлакат демократик институтлари ва қонун устуворлигини ҳурмат қилишнинг энг юқори стандартларини қўллаб-қувватлашга" чақираётганини таъкидлаб ўтди.
"Биз шубҳасиз тўнтарувда айбдорларнинг жавобгарликка тортилишини қўллаб-қувватлаймиз, бироқ биз бунинг доирасидан ташқарига чиқадиган ҳаракатлардан огоҳлантирамиз", деб қўшимча қилди Керри.
Могерини ўлим жазосига рухсат берувчи давлатлар Европа Иттифоқига қўшила олмаслигидан огоҳлантирди. Керри "НАТО ҳам альянсга кириш учун демкоратия ҳурмат қилиниши талабига эга эканлигини" қўшимча қилди.
16 июлда АҚШ президенти Барак Обама Туркиядаги барча томонларни Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг демократик сайланган ҳукуматини қўллаб-қувватлашга чақирганди.
Туркияда муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтарувидан кейин ҳарбийларни оммавий ҳибсга олиш ва ўлим жазосининг қайтарилиши зарурлиги муҳокама қилиниши бошланди.