Ўзбекистон | 16:40 / 18.07.2016
11785
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ўтган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси якунланди

Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ”да I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси якунланди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси маълумотларига кўра, ярмарка якунлари бўйича қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан зиёд мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 270 шартнома имзоланган. Экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг 27 фоизини сабзавотлар, 25 фоизини узум, 20 фоизини мевалар, 17,6 фоизини қуритилган ва қайта ишланган маҳсулотлар, 8,4 фоизини дуккакли маҳсулотлар, 2 фоизини қовун ташкил қилди. Ярмарка ниҳоясига етган бўлса-да, шартномалар тузиш ишлари давом этмоқда. 

I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Қозоғистон каби мамлакатлардан уч юздан зиёд ишбилармон доиралар вакилларининг қатнашгани чет эл ишлаб чиқарувчилари ҳамда савдо компанияларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликдан манфаатдорлигини яна бир бор исботлади.

Анжуман доирасида иштирокчилар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Жиззах вилоятларидаги корхоналар, фермер хўжаликлари ва боғларда бўлиб, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар самаралари, мева-сабзавот етиштириш, сифатли сақлаш ва қадоқлаш тизими, экспортга тайёрлаш жараёни билан бевосита танишди.