Трамп АҚШда "етакчиликнинг етишмаслигини" Батон-Руждаги отишмага сабаб деб айтди
АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп фейсбукда Луизиана штатидаги Батон-Руж шаҳрида полициячиларнинг ўққа тутилишига изоҳ берди.
Трамп отишмада ҳалок бўлган полициялар учун халқ билан бирга қайғудалигини ёзган.
"Мамлакатимизда етакчиликнинг етишмаслиги сабабли ҳуқуқ-тартибот муассасаларининг қанча ходими ва одамлар ўлиши керак? Биз қонуният ва тартибни талаб қиламиз", деб таъкидлаб ўтди миллиардер.
Аввалроқ полициячилар отишмани уюштиришда гумонланаётганларнинг бирининг жасади ёнига портловчи модда бор-йўқлигини билиш учун робот юборганлари маълум қилинганди.
17 июлда маҳаллий вақт билан соат 9.00да Батон-Руж полицияси Эйрлайн Хайуэй кўчасига "автомат билан юрган шубҳали кимса" ҳақидаги хабарга кўра етиб келган. Улар воқеа жойига келишганда номаълумлар уларга қарата ўқ уза бошлаган.
Охирги маълумотларга кўра, отишма оқибатида 3 нафар полициячи ҳалок бўлган, яна 3 нафари турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага етказилган. Шаҳар полицияси жиноятчилардан бири ўлгани, бироқ яна икки нафари озодликда эканини маълум қилган.