“Ижро завқи” мусиқа фестивалининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди
Ўзбекистонда ёш истеъдодларни кашф этиш, уларга ўз қобилиятини намоён қилиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириб боришда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ўрни ва аҳамияти катта. Бугунги кунда Тошкентда Ҳаракатнинг 684 дан ортиқ бошланғич ташкилоти ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2015 йил 30 декабрдаги “Тошкент шаҳрида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишган қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 241-ф-сонли фармойиши ижросини таъминлаш, жонли ижро маҳоратига эга фаол, иқтидорли ва ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2016 йилнинг 19 июль куни “Ёшлар ижод саройи”да “Ижро завқи” мусиқа фестивалининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Танловни ташкил этишдан асосий мақсад – мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб вояга етказиш, иқтидор ва истеъдод соҳиблари бўлган ёшларга ғамхўрлик кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш, ижод ва билим чўққиларини эгаллашлари, интеллектуал салоҳиятларини рўёбга чиқаришга кўмак бериш, ёшларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириб боришдан иборат.
Танлов иштирокчиларининг жонли ижро маҳоратини элимиз суйган санъаткорлар, эстрада юлдузлари, шоирлар ва мутаҳассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан адолатли баҳолаб борилди
Мазкур кўрик-танловнинг маҳаллий босқичларида 14-30 ёшгача жонли ижро маҳоратига эга бўлган қобилиятли 120 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этиб Тошкент шаҳар босқичида 12 нафар ёшлар беллашдилар.
Кўрик-танловда ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан махсус диплом ва қимматбахо совғалар билан тақдирландилар.