Жаҳонда қайси давлат танкерлар флоти етакчиликка даъво қилмоқда?
Apicorp (Нефть инвестициялари бўйича Араб корпорацияси) банки ва National Shipping Co. номи билан машҳур Саудия Арабистони Bahri миллий кемасозлик корпорацияси подшоҳлик нефть флотини кенгайтириш режасини эълон қилди. Бунинг учун қиймати 1 ярим миллиард доллар бўлган сармоя жамғармаси ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Подшоҳлик энергетика вазири Ҳолид ал-Фалех баёнот берди. Унинг сўзларига қараганда, Bahri флотига қўшимча 15та танкер олиб келинади.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Bahri жаҳондаги нефть танкерларининг 20 фоизини ўз назоратига олган. Бироқ Bloomberg мутахассисларининг фикрича, айни дамда сайёрамиздаги энг йирик флот 53та кемаси бор Хитойнинг China Merchants Group компаниясига тегишлидир. Айни дамда 45та танкерга эга Саудия Арабистони танкерлар сонини 61тага етказишни режалаштирмоқда. Бугунгни кунда Саудия Арабистони жаҳондаги нефть экспорт қилувчи етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Saudi Aramco давлат нефть компанияси қўшимча танкерларга эҳтиёж сезмоқда.
Жаҳон танкерлар флоти нефть ва нефть маҳсулотларини ташиш билан шуғулланади. Шу сабабли бошқа денгиз флотларидан тубдан фарқ қилади. Маълумки, нефть ва уни ишлаб чиқариш халқаро сиёсатда муҳим роль ўйнайди. Жаҳон бозорида нефть ва нефть маҳсулотларининг нархи турли тортишув ва можароларга сабаб бўлиб келади. Нефть маҳсулотлари устидан назорат борасида турли низолар юз берганидан асло кўз юмиб бўлмайди. Денгиз орқали нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш қуруқликдаги етказиб беришга нисбатан камроқ сиёсатлашган. Бироқ денгизда ҳам денгиз йўллари хавфсизлигини таъминлаш борасида қудратли давлатларнинг харбий денгиз кучлари қаршилигига дуч келинади.
Шарҳловчиларнинг фикрича, жаҳон савдо флоти ташиган юкларнинг 32 фоизи нефть флоти ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли сўнгги йилларда катта ҳажмли танкерлар қуриш фойдали бўлиб қолди. 2014 йилнинг 1 февраль ҳолатига кўра, жаҳондаги танкерлар сони 12 минг 975 тани ташкил қилган.
Бугунги кунда 2 миллион баррел нефть ташишга мўлжалланган танкерлар сони 623 та бўлиб, улар Яқин Шарқ нефтларини АҚШ, Япония, Жанубий Корея каби мамлакатларга ташиш билан шуғулланади. Бу каби танкернинг баҳоси 97 миллион долларга тенг экани айтилади. 1 миллион баррель нефть ташишга мўлжалланган танкерлар сони эса 490 та бўлиб, бу танкерлар Нигерия нефтини АҚШ ва Хитой жанубига етказиш билан машғул. 500-700 минг баррел нефть ташишга мўлжалланган танкерлар сони эса 900 тани ташкил қилади. 60-80 минг тонна нефть маҳсулотларини ташувчи танкерлар сони эса 415 та, ундан кам миқдорда нефть маҳсулотларни ташувчи танкерлар сони эса 3 минг 400 та экани айтилади. Нефть қазиб олиш ҳажми кўпайгани сайин танкерлар сони ва уларнинг жаҳон савдо флотидаги ўрни ошиб бормоқда.
Шуни айтиш керакки, Биринчи жаҳон уруши даврига қадар танкерлар жаҳон флотининнинг атиги 3 фоизини ташкил қиларди. 1938 йилга келиб танкерларнинг улуши 19 фоизгача кўтарилди. Ўтган асрнинг 70-йиларида танкерлар улуши 50 фоизни ташкил қилди. Таҳлилчиларнинг айтишича, 1977 йилда ер юзида қазиб олинган нефть маҳсулотларининг 59 фоизи денгиз орқали ташилган. Бироқ 1987 йилга келиб бу рақам анча пасайиб кетди. 1994 йилдан бошлаб яна кўпая борди ва 1977 йилги даражага етди.
Халқаро танкер флоти кемасозлик бозорида мустақил бўлиб, бошқа турдаги юкларни ташувчи кемалардан бутунлай фарқ қилади. Бу флот бирор бир ҳукуматлараро битимлар ёки қандайдир уюшма ва бирлашмалар ўртасида эришилган шартномалар билан назорат қилинмайди. Танкер бозорида ҳар бир кема эгаси ўз танкеридан ўзи хоҳлаганча фойдаланиши, ўзи истаганча пул ишлаб олиши мумкин. Агар ўзи кўзлаган даромадларни қўлга киритмайдиган бўлса, у ҳолда бозорни ўз хоҳиши билан тарк этиши мумкин. Танкерини эса бошқа компанияга сотиши ёки бузиб ташлаши бу ўзининг истагига боғлиқ.
Мустақил танкер эгаларини бирлаштирган энг йирик ташкилот сифатида «Интертанко» кўрилади. Бу уюшмага 43та мамлакатдаги 274 та компания ва 280 та флот аъзо бўлиб кирган. Ташкилот Низомига кўра давлат назоратида бўлган нефть компаниялари ва кемачилик компаниялари аъзо бўлиб кира олмайди. «Интертанко» вазифаси ўз аъзолари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Танкер флотининг асосий фойдаланувчиси сифатида АҚШ кўрилади. Иккинчи ўринда Хитой туради.
Шарофиддин Тўлаганов